Анчелотти: "Марокашга қарши идеал ўйин кўрсатишимиз керак"
Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Карло Анчелотти Жаҳон чемпионати биринчи турида Марокашга қарши бўлиб ўтадиган учрашув олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Италиялик мутахассис рақиб жамоанинг кучини юқори баҳолаб, Бразилия ҳар томонлама мукаммал ўйин намойиш этиши лозимлигини таъкидлади.
"Марокаш жуда кучли жамоа. Уларнинг таркибида юқори савиядаги футболчилар бор ва кўпчилиги Европада муваффақиятли тўп сурмоқда. Биз бу жамоани жуда ҳурмат қиламиз. Ўйлайманки, қизиқарли ва чиройли ўйин бўлади.
Марокаш ҳар томонлама яхши ташкил этилган ва маҳоратли жамоа. Биз ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам, ўтиш фазаларида ҳам идеал ўйин кўрсатишимиз керак. Ҳимояда жуда ҳушёр бўлишимиз, стандарт вазиятларда эса самарали ҳаракат қилишимиз лозим. Замонавий футболда заиф жамоалар йўқ.
Марокаш Африканинг энг кучли терма жамоаларидан бири. Улар ҳақида финалчи ёки чемпион сифатида эмас, балки яхши тайёрланган ва кучли рақиб сифатида гапириш мумкин", — деди Анчелотти.
Эслатиб ўтамиз, Бразилия ва Марокаш ўртасидаги баҳс 14 июнь куни тонгда бўлиб ўтади.

Фикрлар