"Андижон" афсонаси клубни қутқариш йўлида умид борлигига ишонмоқда! Ёки бош мураббий вазифасини бажарадиган Бахтиёр Ҳамидуллаев қандай каромат кўрсатаркин?

“Андижон” клуби бош мураббийлик учун айрим мутахассислар билан музокара олиб боргани ҳақида хабар бергандик. Лекин ҳеч бири билан келишувга эришилмади ва якунда Бахтиёр Ҳамидуллаевга жамоани вақтинча бошқариш вазифаси юклатилди.

Уни сизларга ортиқча таништиришнинг ҳожати йўқ, чунки қандай футболчи бўлганини яхши биласизлар. Энди унинг зиммасига қанчалик масъулиятли вазифа юкланганини ўзи ҳам яхши тушуниб турибди. Ҳеч ким “Андижон”ни оғир вазиятда бошқаришга рози бўлмаган бир пайтда у футболчилик фаолияти давомида ёрқин ўйинлар кўрсатган жамоасини бошқариб, уни Суперлигада сақлаб қолиш йўлида ёрдам беришга рози бўлди. Ҳамидуллаев билан суҳбатимиз айнан шу ҳақда кечади.

-  Ўтган йили “Андижон”нинг ўринбосарлар жамоасини бинойидек бошқаргандингиз, лекин айрим сабабларга кўра клубдан кетгандингиз. Мана, энди сизга асосий жамоа ишониб топширилди. Воқеалар ривожи шундай тус олишига тайёрмидингиз ёки барчаси кутилмаганда содир бўлдими?

-  Ҳозирги вазият мен учун худди бир тушдек кўриняпти. Мана, 8 йил давомида футболдан четда юрдим. Менга клубдан қўнғироқ қилиб, аввалига ёрдамчи мураббийликка таклиф қилишди. Раҳбар билан гаплашдим ва ишлашга розилик бердим. Унгача эса бош мураббийликка бошқа номзодларни кўриб чиқишди. Балки клубни ҳозирги қийин вазиятдан олиб чиқиш оғир деб ўйлашдими ёки ниманидир келиша олишмадими, охир-оқибат жамоани ўзингиз бошқарасиз дейишди. Менга билдирилган бундай юксак ишонч учун миннатдорчилик билдираман ва албатта қўлимиздан келганича жамоани қутқаришга ҳаракат қиламиз.

-  Дарҳақиқат, “Андижон”ни оғир вазиятда қабул қилиб олдингиз. Ҳолбуки, бошқа мутахассислар бундай шароитда клубни бошқаришга рози бўлишмаяпти. Сиз эса ҳеч нимадан қўрқмасдан таваккалона юришни амалга оширдингиз...

-  Қачондир шундай бўлиши керак эди, менимча вақти келди. Мен бўлмасам, ким ишларди бу ерда? Очиғи, бирор-бир маҳаллий мураббийни тасаввур қила олмаяпман. Клубнинг ҳозирги ҳолатини мухлислар ҳам яхши билиб турибди. Биринчи даврада ўйнаб турган айрим етакчилар ҳам кетиб қолди. Ўзимизни маҳаллий ёшлар билан қолдик. Чиқмаган жондан умид деганларидек, биз курашамиз, бундан бошқа иложимиз ҳам йўқ. Бизнинг ҳозирги позициямиз шундайки, рақибларимиз тўппонча билан қуролланган бўлишса, биз уларга қарши қўлимизда кетмон билан курашаётгандекмиз. Биз ҳар қандай ҳолатда ҳам майдонга чиқиб курашамиз. Ишонаманки, ҳаммаси биз учун яхши бўлади.

хамидуллаев4

-  Клубнинг биринчи даврадаги иштироки ҳақида нима дея оласиз?

-  Жамоанинг ҳолатини кўрдим. Ўйинлар давомида футболчилар 65-дақиқадан кейин “чўкиб” кетишарди. Жисмоний тайёргарлиги пастлигини билиб юрардим. Клубда иш бошлаганимдан сўнг дастлабки икки кунда машғулот ўтказгач, учинчи куни иккига бўлиниб ўйин ўтказдик. Кўримдки, йигитлар ўйинни охирига етмасдан чарчаб қолишди. Ҳозир барча томонлама қийин ҳолатдамиз. Ўйин сифатини яхшилаш бўйича қаттиқ ишлаяпмиз. Клуб раҳбари ҳам мухлислардан бироз имконият беришларини сўраяпти. Биз ўйиндан-ўйинга яхшиланишга ҳаракат қиламиз.

-  Ғалабасиз жамоанинг Суперлигада қолиш имконияти барчани хавотирга солиб қўйган. Вазиятга реал қарайлик, сиз қандай олиб қолмоқчисиз?

-  Дастлабки тўртта ўйиннинг учтасини ўз майдонимизда ўтказамиз. Бу биз учун жуда муҳим. Ўша беллашувларда нима қилиб бўлса ҳам ғалабани ўз томонимизга ҳал қилишимиз керак, бошқа иложимиз йўқ. Агар битта ютиб олсак, ишларимиз юришиб кетиши ҳеч гап эмас. Аммо шу билан бирга вазият аксинча тус олса, издан чиқиб кетиши ҳам мумкин. Демак, “Локомотив” билан баҳс қанчалик муҳимлигини ўзингиз ҳам тушуниб турибсиз. Шунингдек, Наманганда “Навбаҳор”га қарши дерби бўлади. У ерда ҳам чиройли ўйин бўлади, деб ўйлаяпман. Футболчиларимиз билан ҳаммасини гаплашиб олдик, ҳозирча кайфият яхши. Мана, ойлик маошлари берилди. “Локомотив” билан учрашувдан сўнг яна ойликлар берилиши кутиляпти.

-  Тўғри айтяпсиз, “Локомотив”га қарши жуда жиддий ўйин бўлади. Ушбу учрашувга тайёргарлик қандай кетяпти? Бу сиз учун дебют ўйинга айланади.

-  Ҳар доим дебютим ёмон чиқмаган. Йигитларга ҳам шуни тушунтиришга ҳаракат қилдим. Уларга ҳар ким ўз ишини қилиши кераклигини уқтиряпман. Футболчиларимиз билан орамиздаги муносабат яхши. Боя айтдим, юқори кайфиятдамиз ва “Локомотив” билан учрашувга жиддий тайёрланяпмиз.

-  Таркиб кучайтирилишига вақт етмади ва шу боис кўпчилик томонидан рақобат етарли даражада кучли эмаслиги ҳам айтилмоқда. Бу хусусида нима деган бўлардингиз?

-  Бизга ёшларга кўпроқ эътибор қаратишимизни, келажакда ўша йигитлар билан яхши натижаларга эришиш вазифаси қўйилган. Ҳеч қандай каромат кўрсатмайдиган легионерларнинг “Андижон”га нима кераги бор, шу сабабли эътиборни асосан ўзимизни ёшларга қаратинг, деб менга вазифа топширилди. Мақсадларимиздан бири иқтидорли ёшларимизни ўстириб олишдан иборат. Албатта, “Андижон”ни бу йил Суперлигада сақлаб қолиш бош мақсадимиз ва шу билан бирга ёшларимизни анча чиниқтириб олган ҳолда келаси йилдан жиддийроқ вазифалар сари интилишимиз мумкин бўлади.

хамидуллаев3

-  Ўзбек футболида ўз ўрнингизга эга бўлгансиз. Андижон футболининг эса афсонасисиз. Қачондир “Андижон” клубини бошқаришингиз керак эди. Бироқ сизнинг қайтишингиз клубдаги оғир вазиятга тўғри келиб қолди. Бундай паллада тақдирингиздан розимисиз?

-  Албатта, розиман. Тўғри, салбий фикрлайдиган мухлислар ҳам бор, лекин уларни жамоамиз учун ишқибоз эмас деб ўйламайман. Асосий мухлислар эса кўча-кўйда кўрса хурсанд бўлишади. Лекин бу обрў футболчилик даврида тўпланган. Мана шундай ҳурмат-эътибор ва обрўга мураббийликда ҳам эришмоқчиман. Албатта, бизга билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламиз. Асосийси, раҳбар катта ишонч билдиряпти ва ишлашга барча шароитни яратиб беряпти.

-  Легионерлар – Зозуля билан Литвяковнинг тақдири нима бўлди?

-  Зозуля 8 сентябрь куни келадиган эди. Аммо нимадир бўлди шекилли, шу кунга кела олмайдиган бўлди. Литвяковга келсак, бундай легионерларни қувиш керак. Ҳужумчи бунақа бўлмайди. Бизга керак эмас.

-  Ўзингиз қандай ҳужумчи бўлганингизни ҳамма билади. Таассуфки, биринчи даврада “Андижон” ҳужумчилари гол ура олишмади, аслида эса клубда тузук-қуруқ ҳужумчининг ўзи йўқ. Собиқ тўпурар сифатида жамоадаги ушбу муаммони қандай ҳал қилмоқчисиз?

-  Биринчи навбатда ҳаммасини ҳимоядан бошлаяпмиз. Аввало орқа чизиқни кучайтиришга уриняпмиз ва кейин ҳужумда нимадир бўлиши мумкин. Ҳали бери ҳужумчилар билан алоҳида ишлашга етиб келмадик. Ҳозир ҳимоя ҳамда ярим ҳимоя чизиғидагилар билан шуғулланяпмиз. Вақтимиз эса оз қолган. Қолаверса, йигитларни жисмоний тарафдан ҳам яхшилашга ҳаракат қиляпмиз. Лекин албатта ҳужумчиларга ҳам етиб келамиз ва улар билан алоҳида ишлаймиз. Ўзи бизда ҳужумчилар бор, фақат уларни йўлга солиш керак. Тимур Усмонов сиз ҳужумчи бўлгансиз, шу боис менга йўл-йўриқ кўрсатинг, ўйинларда вазиятлар бўлади, аммо гол ура олмаяпман, деди. Унга албатта гол урасан, айниқса, “Локомотив” дарвозасини ишғол қилишини ва унга яхши хусусиятларни ўргатишимни айтдим.

-  Бош мураббийлик қилиш учун “ПРО” лицензияси бўлиши керак, сизда эса...

-  Менда ҳозирча “В” лицензияси бор. Бу йил ёзда “А”га ўқимоқчи эдим, бироқ пандемия сабабли қолиб кетди. Эшитишимча, регламент бўйича бир ярим ой давомида вақтинчалик “В” лицензияси бўлган мураббийнинг захира ўриндиғида ўтириши ва жамоани бошқариб туриши мумкин экан.

хамидуллаев

-  Мураббийлар штабида сизга ким ёрдам беряпти?

-  Ўтган йили менга ўринбосарлар жамоасида ёрдам берган Даврон Абдуллаевни раҳбарга тавсия қилдим. Эндиликда у менга ёрдам беряпти. Қобил Олимжонов эса дарвозабонлар мураббийи бўлиб ишлашда давом этяпти.

-  Ҳар қандай ҳолатда ҳам маҳаллий ишқибозларнинг сиздан умиди катта. Андижон фарзанди сифатида ўз жамоангизни оғир вазиятдан қутқаришингизни хоҳлашяпти. Уларга нима дейсиз?

-  Биламан, мухлислар жўшқин кайфиятда кутишяпти. Мураббий доим ҳар қандай ҳолатга тайёр туриши керак. Ишқибозлар эса ҳамиша натижа талаб қилишади. Мана, саволларингиздан кўриниб турибдики, чиндан ҳам биз қийин аҳволдамиз. Бундан чиқиб кетишимизга ҳеч ким 100 фоиз ишонмаяпти. Лекин деган жойи бор. Биз шунинг учун ҳам ҳаракат қиламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Расулжон Тоштемиров
09/09/2020 12:46
Бахтиёр омад ёр булсин
Mirali Hcerali
08/09/2020 20:26
К,улидан хеч бир иш келмайди локога 100 % ютказишади бахтийордан тренир чик,майди