"Андижон" "Бобур Арена"да "Насаф"ни қабул қилади. Ўйин олдидан маълумотлар

Ниҳоят, иккинчи давра баҳслари старт олмоқда. “Андижон” жамоаси ҳам мавсумнинг иккинчи стартига астойдил тайёргарлик кўрди. Бу борада “Бургутлар” Тожикистонда ўқув-машғулот йиғинини ўтказди ва қатор назорат учрашувлари ҳам ташкил қилинди.

“Андижон” иккинчи давра бошланишини “Насаф”га қарши учрашув билан бошлайди. 28 июль куни муҳташам “Бобур Арена”да минглаб мухлислар қаршисида “Бургутлар” “Аждарлар”ни қабул қилади. Жамоанинг уй стадиони тўлиқ реконструкция қилинди ва ПФЛ Регламентига мос равишда ҳаммаси қулай шароитга келтирилди.

Ушбу жамоаларнинг ўзаро учрашувлар тарихига тўхталадиган бўлсак, чемпионат мобайнида клублар шу кунгача 43 бора тўқнаш келишган. Шулардан 7 тасида “Андижон”нинг қўли баланд келган. “Насаф” эса 27 марта ғолиб чиққан. Шунингдек, 9 та баҳсда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати 49\94 “Насаф” фойдасига.

Қизиқ факт бор: гап шундаки, 2019 йили ҳам “Андижон” стадиони қайтадан реконструкция қилинган ва янгиланган стадион очилиш учрашувида “Насаф”ни қабул қилган ва "Бургутлар" 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб ишқибозларни қувонтирганди. Бу гал ҳам янгиланган “Бобур Арена”нинг очилиш учрашувида яна “Насаф” меҳмон бўлади.  

Ёдингизда бўлса, жорий йилги чемпионатнинг очилиш ўйинида “Андижон” “Насаф” майдонида Сардор Абдунабиевнинг чиройли голи эвазига меҳмонлар ўта муҳим ғалабани қўлга киритган.

Эслатиб ўтамиз, “Андижон” – “Насаф” ўртасидаги учрашув 28 июль куни “Бобур Арена”да соат 20:00 да бошланади.  

Барча мухлисларни “Бобур Арена”да кутиб қоламиз.

“Андижон” матбуот хизмати.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!