"Андижон" бугун "Хўжанд"га қарши майдонга тушади. Ўйиндан олдин сиз билишингиз керак бўлган маълумотлар
Тожикистонда ёзги ўқув-машғулот йиғинини ўтказаётган “Андижон” у ердаги сўнгги назорат учрашувида бугун Хўжанда шаҳрида маҳаллий “Хўжанд” клубига қарши майдонга тушади.
Эътиборли жиҳати шундаки, “Андижон” ҳамда “Хўжанд” клублари собиқ Иттифоқ пайтидаги чемпионатда ҳаммаси бўлиб 10 маротаба тўқнаш келишган. Илк учрашув 1986 йилнинг 3 август куни ўтказилган бўлса, охирги учрашув 1991 йилнинг 1 сентябрь куни бўлиб ўтган. Айнан ушбу йилги чемпионатда Андижонда 4:2 ҳисобида мезбонлар ғалаба қозонган бўлса, Хўжандда майдон эгаларининг қўли баланд келган - 2:0.
Статистика шундайки, 10 та учрашувнинг 6 тасида “Андижон”, 4 тасида эса “Хўжанд” ғалаба қозонган. Тўплар нисбати 24\19 жамоамиз фойдасига. Орадан 32 йил ўтиб, “Андижон” ва “Хўжанд” жамоалари яна майдонда учрашишади ва бу сафар халқаро ўртоқлик мақомида.
Айни чоғда “Хўжанд” клуби Тожикистон олий лигасида 14 та ўйинда 4 ғалаба, 5 дуранг ва 5 мағлубият қайд этиб, 17 очко жамғариб, 10 та жамоа орасида 6-ўринни банд этиб турибди.
“Хўжанд” клубига Фарруҳ Марофиев бош мураббийлик қилмоқда. У шунингдек, параллел равишда клуб ижрочи директори сифатида фаолият олиб бормоқда. Қолаверса, ушбу жамоа сафида икки нафар ўзбекистонлик футболчилар – Фирдавс Абдусалимов ва Хушнуд Бозоров тўп суришмоқда. Бундан ташқари, таркибда Сербия, Жанубий Корея ва Камерундан келган легионерлар ҳам бор.
“Хўжанд” – “Андижон” ўртасидаги ўйин бугун Хўжанддаги “Мустақилликнинг 20 йиллиги” номли стадионда соат 18:00 да бошланади.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар