"Андижон" бундай имкониятни умуман қўлдан бой бермайди, "Турон"нинг очко йўқотиши сюрприз бўлди" - "Бухоро" устози "ёнаётган" интрига ва тўпурар ҳужумчисининг тақдири ҳақида

Ҳозир Суперлигада бўлгани каби про лигада ҳам интрига “ёняпти”. Тўғри, 1-ўрин эгаси деярли нақд. “Андижон” “Турон”дан 10 очкога, “Бухоро”дан эса 13 очкога ўтиб кетган. Ҳеч ким уларнинг муваффақиятига шубҳа қилмаяпти.

Бу ерда гап 2-ўрин учун курашда кетмоқда. Чунки бу ўрин учун “Бухоро” ҳамда “Турон” жиддий курашишмоқда. Ушбу клубларни ҳозирча 3 очко ажратиб турибди. Олдинда эса 5 та ўйинлари бор. Ҳаммаси олдинда. Агар 23-турда “Бухоро” ўз уйида “Хоразм”ни ютиб, “Андижон” “Турон”ни мағлуб этса, ўз-ўзидан бухороликлар “Турон” билан тенглашиб олади.

Шу сабабли Sports.uz мухбири “Бухоро” устози Ҳаким Фузайловнинг олдиндаги баҳслар борасидаги фикрлари билан қизиқиб кўрди

- Ҳаким Қаюмович, “Турон”нинг ўз уйида “Машъал” билан дуранг ўйнаб икки очко йўқотиши сиз учун кутилмаган натижа бўлдими?

- Албатта, “Турон”нинг очко йўқотгани бизга қўл келиши мумкин. Чунки у билан Суперлигага чиқиш имкониятини берувчи йўлланма учун курашяпмиз. Суперлига йўлидаги асосий рақиблардан бирининг очко йўқотиши албатта биз учун ёқимли сюрприз бўлди. Мавсум тугашига ҳам 5 тур қолди. Қолган ўйинларга астойдил тайёргарлик кўриш керак. Сизга олдин ҳам айтганимдек, асосий кураш ҳали олдинда. Ҳаммаси энди бошланяпти.

хаким3

- Энди навбатдаги турда “Бухоро”нинг асосий рақобатчиси – “Турон” сафарда “Андижон” билан ўйнайди. Агар андижонликлар ютадиган бўлса, Суперлигани расмийлаштириб қўяди. Бу ўйиндан нима кутяпсиз?

- Мен кўпроқ “Андижон” – “Турон” учрашувини эмас, балки ўзимизни олдинда кутиб турган ўйинлар ҳақида ўйлаяпман. Ҳозирда бутун диққат-эътиборим “Хоразм”га қарши кечадиган учрашувга қаратилган. Гапингиз рост, “Андижон” ғалаба қозонган тақдирда 1-ўринни муддатидан олдин нақд қилиб қўяди ва Суперлига йўлланмасини расман қўлга киритади. “Андижон” ғалаба қозонса, қолган 4 турда биров унга етолмайди. Натижада бу клуб Суперлига йўлланмасига эга чиқади. Ўзаро ўйиндаги ғалаба эса “Андижон”га “Турон”дан 13 очкога илгарилаб кетиш имконини беради. Бу эса “Турон”нинг унга умуман етиб ололмаслигини англатади.

хаким2

- “Андижон” анча илгарилаб кетди ва ҳақли равишда 1-ўринда кетмоқда. Сизнингча, бу клубининг асосий устунлиги нимада? Умуман, уларнинг Суперлигага чиқишига ишонармидингиз?

- “Андижон”нинг Суперлигига чиқишига ишониш ёки ишонмаслигим борасидаги фикр ўринсиз. Чунки клуб бундай имкониятни умуман қўлдан бой бермайди. “Андижон” бутун мавсум давомида ўйинларини бир текис ўтказди. Бунинг асосий сабаби сифатида футболчилар яхши жамланган жамоа сифатида шаклланганидадир. Айтишим керакки, “Андижон” тўғри тактикани танлаб мавсумни бир текис ўтказгани эвазига мана шундай натижаларни қайд этиб турибди.

- Жамоангизда Рўзим Аҳмедов 17 та гол билан тўпурар бўлиб турибди. У келаси йили ҳам “Бухоро”да қоладими?

- Рўзим Аҳмедовнинг “Бухоро”да қолиш-қолмаслиги мавсумни қай йўсинда ниҳоясига етказишимизга боғлиқ. Агар ўз олдимизга қўйилган вазифани бажарадиган бўлсак, Аҳмедовнинг клубда қолиши аниқ.

хаким22

- “Бухоро” Суперлигага йўл очиб берувчи иккинчи йўлланма учун “Турон” билан жиддий курашмоқда. Бу борада имкониятларни қандай чамалаяпсиз?

- “Бухоро” билан “Турон”нинг имконияти деярли тенг. Чунки олдинда 5 та тур қолди. Боз устига ўзаро ўйинимиз ҳам бор. Демак, ҳаммаси ўз қўлимизда дейишимиз учун асослар етарли. Бу турда “Хоразм”ни қабул қиламиз. Кейин эса “Турон”га қарши майдонга тушамиз. Мавсумни энг асосий учрашувлар даври етиб келди. Биз “Хоразм”ни, “Андижон” эса “Турон”ни қабул қилади. Шунингдек, “Турон” бизга келади. Улар иккита учрашувни сафарда, биз эса ўз уйимизда ўтказамиз. Юқорида айтганимдек, шу беллашувларни ким бир текис ўтказса, ўшанинг Суперлигага чиқиш имкони кескин ортади. Ўз-ўзидан бир текис босиб ўтилган тақдирда бу ўша жамоага яққол устунлик бағишлайди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bek 56
19/10/2022 08:59
ИншаАллох Бухоро суперга чик,ажак