"Андижон" футболчиси: "Бизда яна битта мотивация бор эди"
Жамоамиз Урганчда “Хоразм” устидан муҳим ғалабани қўлга киритган учрашувда асосий таркибда майдонга тушган иқтидорли ярим ҳимоячи Аҳрор Иноятов ҳам муваффақиятга муносиб ҳиссасини қўша олди. Мазкур футболчи меҳмонда қўлга киритилган ғалабали ўйин борасида қуйидагиларни айтди:
“Хоразм”га қарши қийин ўйин бўлишини кутгандик. Нимагаки, “Хоразм” ўз уйида қабул қилаётгани ва янги стадионининг очилиши бўлгани сабаб хоразмлик мухлисларнинг келиши кутилаётганди ва шундай ҳам бўлди.
Рақиб майдонда борини бериши аниқ эди. Лекин биз “Хоразм”ни яхши ўрганиб чиқдик. Мураббийимиз томонидан берилган кўрсатмаларни бажардик ва ғалабани қўлга киритдик.
Бизда яна битта мотивация бор эди: мавсум бошида айнан шу жамоа майдонида аламли мағлубиятни қабул қилиб олгандик. Шу сабабли ҳам биз “Хоразм” майдонида ғалаба қозонишимиз шарт эди. Барчани ушбу муваффақият билан табриклайман. Бизни ҳар доим қўллаб-қувватлаётган мухлисларимизга миннатдорчилик билдирамиз”, - деди Иноятов.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар