"Андижон" футболчиси клуб билан хайрлашди
"Андижон" футболчиси Фарҳод Соҳибжонов клуб билан хайрлашганини эълон қилди. Бу ҳақда Фарҳод ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифасида маълум қилди.
"Қадрли “Андижон” мухлислари!
Бугун сизларга алоҳида ҳис-туйғулар билан мурожаат қилмоқдаман. Хайрлашиш осон эмас, аммо миннатдорлик сўзлари доимо қалбимда қолади. Андижон — менинг туғилган шаҳрим, шу ерда улғайдим, шу ерда илк қадамларимни қўйдим. Шунинг учун бу сўзлар мен учун жуда ҳам ҳиссиётли. Сизлар мен учун шунчаки мухлислар эмассиз — сизлар менинг оиламсиз.
Биз бирга унутилмас онларни бошдан кечирдик. Ўзбекистон Кубогидаги ғалаба, бирга кўтарилган трофей, тўла стадионлар, мухлисларнинг қувончи ва унутиб бўлмас ҳислар… Бу кунлар ҳаётим ва фаолиятимдаги энг ёрқин ва энг бахтли дамлардан бўлиб қолади.
Қийин пайтлар ҳам бўлди, аммо айнан ўша дамларда сизлар клубга бўлган ҳақиқий муҳаббатингизни қўллаб-қувватлаш, ишонч ва садоқат билан намоён этдингиз. Мен ҳар доим сизларнинг энергиянгизни ҳис қилиб, туғилган шаҳрим — Андижон шарафини ҳимоя қилиб майдонга чиқдим. Ҳар бир мухлисга ишонч, самимий ҳислар ва жамоага бўлган ишончи учун катта раҳмат. Қайси йўлга чиқмай, қалбимнинг бир бўлаги доимо ўз уйимда — Андижонда қолади.
Клубга янги ғалабалар, катта трофейлар ва ёрқин келажак тилайман. Сизларга эса — бирдамлик, қувонч ва трибуналарда яна кўп бахтли кунлар насиб этсин.
“Андижон” — абадий қалбимда. Яна кўришгунча! — деб ёзди Соҳибжонов.
Маълумот учун, вингер ўтган мавсум "бургутлар" сафида Суперлигада 9 та учрашувда майдонга тушди.



Фикрлар