"Андижон" клуби меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини тақдирлади

Яқинда Фарғона вилоятида футбол бўйича меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасида турнир ўтказилди. Ушбу мусобақада Андижон шаҳридаги “Ёшлар шаҳарчаси” болалари ҳам муносиб иштирок этиб, финалга қадар етиб боришди ва фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди.

“Андижон” футбол клуби эса Бўстон даҳасида жойлашган “Вилоят болалар ва ўсмирлар футбол мактаби”да Фарғонадаги мусобақада муносиб иштирок этган меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини тақдирлади.

Тадбирда "Андижон" клуби бош директори Маъруфжон Абдисаломов сўзга чиқиб, футболчиларни қўлга киритилган иккинчи ўрин билан самимий табриклади.

“Аввало, қўлга киритилган ғалаба билан Сизларни чин қалбимдан муборакбод этаман. Сизларни Андижон вилояти футболи келажаги деб биламан. Машғулотларда ўз устингда ишлаб, келажакда “Андижон” жамоасининг асосий футболчилари қаторида бўлишларингни тилаб қоламан. Қувонарлиси вилоятимиз хокими хурматли Шуҳратбек Қўшақбоевич томонидан сўнгги йилларда миллионлар ўйинига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Насиб қилса бу йил “Андижон” жамоасининг ҳар бир уй учрашувларига “Ёшлар шахарчаси”даги болаларни таклиф этиб, “Соғлом авлод” стадионидан махсус сектор ажратамиз” - дейди Маъруфжон Жамолдинович.

Шунингдек, ушбу очиқ суҳбат чоғида клуб бош директори Маъруфжон Абдисаломов ёш футболчиларнинг талаб ва таклифларини тинглаб, 2002, 2003, 2004 ҳамда 2006 йилда туғилган тўрт нафар ёш болакайларни жамоа қошидаги футбол академиясига қабул қилинишини айтганида, ёш футболчилар хурсандчилигини ўз ичига сиғдира олишмади.

“Фарғонадаги турнирдан сўнг, 5 нафар футболчини терма жамоага номзод тариқасида таклиф этишганини эшитиб, хурсанд бўлдим. Бу Андижон вилояти футболи ютуғи. Етук футболчи бўлиб шаклланишларингда барча шарт-шароитни қилиб беришга тайёрман. Футбол билан жиддий шуғулланишларингни таъминлаш учун жамоага “JOMA” бренди остидаги либосларни ва “NIKE” тўпларидан совға қиламан", - дея ёшларни янада руҳлантирди.

Тадбир сўнгида, “Андижон” футбол клуби бош директори Маъруфжон Абдисаломов, “Болалар ва ўсмирлар футбол мактаби” директори Фаррух Мирзаев, “Андижон” мухлислар клуби раиси Нодирбек Тўйчиевлар “Ёшлар шаҳарчаси” футболчиларига фахрли ёрлиқ, медаллар ва эсдалик совғаларини топшириб. Болажонларга юқори кайфият улашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!