"Андижон" тўйга тайёрланяпти, "Бухоро" билан "Турон" эса... ёхуд Диёр Имомхўжаевнинг реакцияси
Суперлига билан про лигадаги интригани кузатяпсизми? Роса авжига чиқди-а? Энди про лигадаги кураш Суперлиганикидан ҳам қолишмай қўйди. Футболни анчадан бери кўрмаган мухлис бир айланиб яна бизнинг футболни кўрадиган бўлса, Суперлига билан про лигани ажрата олмаса керак. Иккаласида ҳам ҳал қилувчи палла ва чемпионат охирлаб, манзил кўриниб қолди.
Бугун “Бухоро” клуби ўз майдонида жуда муҳим баҳсда “Хоразм”ни қийналиб 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Нима учун қийналиб, дейсизми? Агар учрашувни кўрмаган бўлсангиз маълумот ўрнида айтишимиз мумкинки, 13-дақиқада Миржалол Жумаев қизил карточка туфайли майдонни барвақт тарк этди ва “Бухоро” мушкул аҳволга тушиб қолди. Унгача баҳс бошларидаёқ Рўзим Аҳмедовнинг пенальтидан гол уриб олгани мезбонларга бироз тасалли бериб турди. Майдонда ўйиннинг катта қисмини бир киши кам бўлиб ўтказган “Бухоро” учун натижани сақлаб қолиш энди асосий вазифага айланди ва буни футболчилар қийинчилик билан бўлса-да, уддалашди. “Хоразм” сон жиҳатдан устунликка эга бўлгач, вазиятдан чиқиб кетиш учун роса курашди, бироқ Никола Стошич қўриқлаётган дарвозани ишғол қила олишмади. Айнан “Бухоро” посбони учрашувнинг энг яхши футболчисига айланди. Агар ўз уйида очко йўқотишса борми, мухлислар кечиришмасди. Нега деганда, “Турон”га етиб олиш имкониятини қўлдан чиқариб юборарди.
Турнир жадвалидаги ҳолатдан хабардормисиз? “Андижон” аллақачон Суперлига масаласини ҳал қилиб қўйган. “Бухоро” ва “Турон”дан 10 очколик фарқ билан илгарилаб кетган. 24 октябрь куни “Андижон” ўз уйида “Турон”ни ютса, муддатидан олдин Суперлига масаласини расман ҳал қилади ва 1-ўринни ҳам муддатидан олдин ўзиники қилиб қўяди. Шунинг учун “Бобур Арена”да “Андижон” “Турон”ни мағлуб этиш учун курашади. “Турон” мағлуб бўлса, “Бухоро” билан очколари сони тенглашгани бўйича ўз кучида қолади. Шу боисдан яйпанликлар учун ҳам бу ўйиннинг аҳамияти жуда юқори. Қолаверса, кейинги турда “Турон” “Бухоро” майдонида ўйнайди.
Вазият барчага аён: “Андижон” курашдан чиқди. Қайси маънода? Ҳеч кимда 10 очко билан илгарилаб кетган андижонликларнинг Суперлигага қайтишига шубҳа қолмади. Гарчи “Турон” билан баҳсда очко йўқотган тақдирда ҳам олдинда яна 4 та ўйин бор ва исталган баҳсда муддатидан аввал вазифани ҳал қилиш имконияти бўлади. Шу сабабдан асосий кураш 2-ўрин учун кечмоқда. “Турон” ҳамда “Бухоро” ўртасида аёвсиз “жанг” кечаётганини сезяпсизми? ЎзПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев ҳам дарҳол “Бухоро”нинг ғалабасидан кейин реакция билдирди ва ўзининг телеграмдаги каналида шундай ёзди:
“Андижон” Про лига ғолибига муддатидан олдинроқ айланиши учун эртага “Турон”ни мағлуб этиши керак.
“Бухоро” бугунги ғалабаси билан “Турон”га катта чақириқ ташлади. Суперлигага тўғридан-тўғри йўлланма шу икки клуб ўртасида кечади. Суперлиганинг 12-жамоаси плей-офф ўйини учун ё Бухорога ёки Яйпанга келадиган кўринади.
Демак, эртага “Андижон” муддатидан аввал Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш ва про лига ғолиби бўлиш учун майдонга чиқади. “Турон” эса “Бухоро”дан ўзиб кетиш ва “Андижон”га шу хурсандчиликни совға қилиш вақтини чўзиш учун тўп суради. Про лигада ҳал қилувчи давр”.
Имомхўжаев ҳақ гапни ёзди. Энди бутун бухороликлар “Андижон”га мухлислик қилишади. Яқинда “Бухоро” устози Ҳаким Фузайлов Sports.uz сайтига берган интервьюсида “Андижон”нинг ўз майдонида “Турон” устидан ғалаба қозониш имкониятини қўлдан чиқариб юбормаслиги ҳақида айтганди. Қолаверса, Виктор Кумиков жамоаси учун ҳам ўз майдонида минглаб мухлислари қаршисида ғалаба қозониб, Суперлига ва 1-ўринни барвақт ҳал қилиб қўйиши ўта муҳим. Тасаввур қилинг, майдонда қандай жанг бўлишини. Аксига олиб, “Турон” клуби жорий йилда “Андижон”га қарши уч марта ўйнаган бўлса, барчасида фақат ютқазди.
Яқинда “Турон”да бош мураббий алмашганини билсангиз керак. Бахтиёр Ашурматов ушбу лавозимни эгаллади. Аксига олиб Бахтиёр Аъзамовичнинг “Турон”даги дебюти дуранг билан бошланди. Ўтган турда “Машъал”ни қабул қилган яйпанликлар ўта қимматли икки очкодан айрилди. Натижада “Турон” мана шундай вазиятга тушиб қолди. Мабодо, улар “Андижон” ва “Бухоро”га ютқазадиган бўлса, 3-ўринга тушиб кетади. Ана, ундан кейинги “томоша”ни кўраверинг! Ҳозирги ҳолат шундайки, “Турон” билан “Бухоро” “ўз ёғига ўзлари қовурилишяпти”. Улардан кимдир Суперлигага чиқади ва кимдир плей-оффда Суперлига клубини қабул қилиб, имкониятини таваккалчиликка қолдириб қўяди. Рости, иккиси ҳам Суперлига вакили билан тўқнаш келишни исташмаяпти.
Хуллас, "Андижон" клуби тўйга тайёрланяпти. Мухлислар катта шодиёна арафасида турибдилар. 1 ноябрь куни эса жамоанинг иқтидорли футболчиларидан бири Илҳом Алижонов "бўйдоқлар сафидан" ўчирилади.
24 октябрь куни "Бобур Арена"да соат 15:30 да бошланадиган "Андижон" - "Турон" учрашувини ўтказиб юборманг. Ўйинни кўринг, афсусланмайсиз!
Фикрлар