Андрей Канчельскис: Ўзбек халқи ғалабага муносиб ҳисса қўшган

Бугун 9 май – Хотира ва қадрлаш куни, шунингдек, II жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллик байрами.

Ушбу айём муносабати билан “Навбаҳор”нинг россиялик бош мураббийи Андрей Антанасович Канчельскис юртимиздаги уруш ҳамда меҳнат фахрийларини табриклади. Клуб матбуот хизмати унинг табригини тақдим этди.

- Бугунги Хотира ва қадрлаш куни, шунингдек, фашизм устидан қозонилган буюк ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан, барча ўзбекистонлик уруш ҳамда меҳнат фахрийларини табриклайман. Уруш йилларида ўзбек халқи мардлик намунасини намойиш этиб, жанггоҳларда кўплаб ўзбекистонликлар мардонавор жанг қилишгани, уларнинг кўпчилиги шундай тинч, дориломон кунларга етиб келишимиз учун ўз жонларини фидо қилишганини китобларда ўқиб, фильмларда кўрганмиз. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг хотиралари қалбимизда абадий сақланади ва уларнинг жасоратлари унутилмайди.

Уруш бўлаётган шаҳарлардан Ўзбекистонга эвакуация қилинган кўплаб оилалар ҳамда болаларга ўзбекистонликлар бошпана беришгани, уруш сабабли етим қолган болаларни фарзанд қилиб, боқиб олишгани, фронт ортида ҳам ўзбекистонликларнинг самарали меҳнат қилишгани тарихдан маълум. Умуман олганда, ўзбек халқи жаҳонни фашизм балосидан халос этишга, буюк ғалабага ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган.

Фурсатдан фойдаланиб, айни пайтда ҳаёт бўлган II жаҳон уруши қатнашчилари, шунингдек, фронт ортида меҳнат қилган фахрийларга узоқ умр, соғлиқ-саломатлик тилаб қоламан. Бахтимизга уруш ҳамда меҳнат фахрийлари ҳамиша соғ бўлишсин! - деди Канчельскис.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!