Анталияда 3 йил олдинги натижа такрорланди. "Андижон" - "Ворскла" ўйинида 7 та гол урилди

  • 29 январь, 23:12
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
TIGGO 2 PRO

“Андижон” Анталия йиғини доирасидаги иккинчи ўртоқлик учрашувини Украинанинг “Ворскла” клубига қарши ўтказди. Полтава шаҳри шарафини ҳимоя қиладиган ушбу жамоага қарши баҳс “Титаник Лара” майдонида бўлиб ўтди.

Мазкур тўқнашув қизиқарли ва голларга бой тарзда ўтганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Александр Хомяков жамоаси учрашувни тезкор гол билан бошладилар. Ҳали иккинчи дақиқа бошланмасиданоқ иқтидорли ҳужумчи Рустам Турдимуродов жарима майдони ичида ўзининг аниқ зарбаси билан ҳисобни очишга муваффақ бўлди – 1:0.

Бўлим ўрталарида эса “Ворскла”нинг легионер футболчиси Ибраҳим Кане мувозанатни тиклади – 1:1. Шунга қарамай, "Андижон" танаффусга 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан чиқиб кетди. Тезкор қарши ҳужумга ўтган "Бургутлар" бундан усталик билан фойдаланди. Футболчиларнинг прессинг қўллаши натижасида Фарҳод Соҳибжонов тўпни эгаллаб жарима майдони ичига кириб борди ва бу вазиятда рақиб ҳимоячиси уни йиқитди ҳамда бош ҳакам пенальти белгилади. Бу вазифани босниялик легионер Мирзад Механович муваффақиятли бажарган ҳолда “Андижон”ни яна ҳисобда олдинга олиб чиқди – 2:1. Жамоалар танаффусга шу ҳисоби билан чиқиб кетдилар.  

Иккинчи бўлим ҳам янада шиддатли ва қизиқарли тус олди. Учрашувнинг 60-дақиқасидан кейин "Андижон" таркибида деярли тўлиқ таркиб алмашди. Хавфли ҳужумлари эса давом этди. Жумладан, қанот ярим ҳимоячиси Бектемир Абдуманноновнинг хавфли рейдидан кейин тўпни жарима майдони ичидаги жамоадошига узатган пайтда “Ворскла” ҳимоячиси Артём Челвадин боши билан ўз дарвозасига тўпни киритиб юборди – 3:1.

Андижонликларнинг тўртинчи голи эса кучли прессинг ва босим эвазидан кейин киритилди. Аниқроғи, Олег Зотеев майдон марказига яқин жойдан тўпни рақибдан илиб олган ҳолда бир футболчини усталик билан алдаб ўтди ва ўзидан-да қулай вазиятга чиқиб бораётган Бектемир Абдуманноновни тўп билан таъминлади. Ўз навбатида Абдуманнонов юзага келган имкониятдан самарали фойдаланиб ҳисобни 4:1 кўринишига келтирди.

Аслида ҳисоб бундан ҳам йирикроқ кўринишда бўлиши мумкин эди. Лекин 4 та гол ҳам яхши кўрсаткич. Фақат охирги дақиқаларда “Ворскла” футболчилари ўз имкониятларидан фойдаланиб қолдилар. Аввалига Иван Нестеренко, кейинчалик эса автогол муаллифига айланган Артём Челвадин орадаги фарқни қисқартирди – 4:3.

Шунга қарамай, “Андижон” голларга бой тарздаги беллашувда 4:3 ҳисобида ғалаба қозонди. Қизиғи шундаки, 2022 йили Анталиядаги йиғин доирасида “Андижон” “Ворскла” U21 жамоасига қарши беллашган ва ўша баҳсда ҳам “Бургутлар” 4:3 ҳисобида ғалаба қозонган. Орадан 3 йил ўтиб, “Андижон” “Ворскла”нинг асосий жамоасини ҳам худди шу ҳисобда таслим қилди.

Хомяков шогирдлари навбатдаги баҳсни 2 февраль куни Босния ва Герцеговинанинг “Борас Баня-Лука” жамоасига қарши ўтказади.

“Андижон” – “Ворскла” – 4:3 (2:1).

29 январь. Анталия. “Титаник Лара” стадиони.

Ҳакамлар: Рамазон Келич, Сезгин Чинар, Хасан Астар.

“Андижон”: Валижон Раҳимов, Миомир Юричкович, Абубакир Ашуров, Абдулвоҳид Ғуломов, Абдураҳмон Комилов, Дамир Темиров, Сардор Азимов, Мирзад Механович, Искандар Шойқулов, Фарҳод Соҳибжонов, Рустам Турдимуродов.

Иккинчи бўлимда майдонга тушганлар: Моҳир Комилов, Усмонали Исмоналиев, Олег Зотеев, Ислом Маматказин, Муҳаммадкарим Тоиров, Шохжаҳон Ёрқинбоев, Хамидулло Каримов, Абубакир Режаббоев, Илҳом Абдуғаниев, Бектемир Абдуманнонов, Шахром Самиев.

“Ворскла”: Олександр Домолега, Илья Крупский, Игорь Пердута, Даниил Хрисчук, Евген Пасич, Навин Малиш, Антон Сабалай, Олександр Скляр, Милот Авоили, Ибраҳим Кане, Серхи Мякушко.

Иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушганлар: Лука Гучек, Артём Челвадин, Иван Нестеренко, Самсон Иеде, Денис Ндякве, Владислав Островски, Олексий Шевченко.

Голлар: Рустам Турдимуродов – 1:0. Ибраҳим Кане – 1:1. Мирзад Механович-пен. – 2:1. Артём Челвадин-авт. – 3:1. Бектемир Абдуманнонов – 4:1. Иван Нестеренко – 4:2. Артём Челвадин – 4:3.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!