Анвар Бердиев: "Барча айбни ўз бўйнимга оламан"

Про лиганинг 17-туридан ўрин олган “Навбаҳор-фарм” – “Шўртан” (2:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар бош мураббийи Анвар Бердиев қатнашиб,журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Ғузорликлар устози одатдагидек, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.

Қуйида унинг фикрларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

-  Бугунги ғалаба билан “Навбаҳор-фарм” жамоасини табриклайман. Тенг курашлар остида бўлиб ўтган баҳсда аламли тарзда мағлубиятга учрадик ва бунда барча айбни ўз бўйнимга оламан. Ўз олдига вазифа қўйилган жамоа бундай ўйнамаслиги керак эди. Энди ушбу беллашувдаги хатоларни кўриб чиқиб, таҳлил қиламиз.

Таъкидлаш жоизки, сафар беллашувларида яхши ўйин намойиш эта олмаяпмиз. 

Ўз навбатида бугунги учрашув ҳакамларининг айрим қарорларига тушунмай қолдим. Футболчимиз иккинчи марта огоҳлантирилганида, аслида бошқа ўйинчи ўйин қоидасини бузганди. Натижада ҳисоб 1:1 бўлиб турганида, жамоамиз майдонда 10 киши бўлиб қолди.

Яна бир вазиятда эса шогирдларим ҳужум қилишаётган пайтда рақиб ҳужумчиси томонидан ўйин қоидаси бузилди. Аммо ҳакамлар бунга эътибор қаратишмади.        

Ушбу мағлубиятдан кейин клуб раҳбарияти қандай қарорга келади, номаълум. Аммо уларнинг ҳар қандай қарорларини ҳурмат қиламан.

- Жорий мавсумда “Шўртан”нинг олдига қандай вазифа қўйилган?

Тўғри, айни пайтда Про лигада “Динамо”, “Локомотив” ва “Қўқон-1912” жамоалари Суперлига йўлланмаси учун кураш олиб бормоқда. Аммо “Шўртан” ҳам ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш учун майдонга тушади.

Мақсадимиз, иложи борича турнир жадвалининг юқори қисмидан жой олиш.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.   

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!