Анвар Бердиев: "Футболчиларимизни ҳеч қаерга қўйиб юбормаймиз"

Про лиганинг 12-турида “Турон” ўз майдонида “Бухоро”ни қабул қилиб 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдан сўнг мезбонлар бош мураббийи Анвар Бердиев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ғалаба билан табриклаймиз. Ўйин ҳақидаги таассуротларингиз қандай?

- Табрик учун раҳмат. “Бухоро” устидан қозонилган ғалаба учун мухлисларимизга, раҳбарларимизга ва футболчиларимизга миннатдорчилик билдираман. “Бухоро”га кейинги учрашувларда омад тилайман.

- Ҳимоячилар рақиб ҳужумчиларига имконият беришмади. Бунга алоҳида тайёргарлик кўрилганмиди?

- Биз ҳар бир ўйинга ва ҳар бир рақибга ўз қарашимиз бўйича тайёргарлик кўрамиз. Жамоамизни мақсади бор ва шунга қараб тайёрланамиз. Рўзимбой Аҳмедов ҳозирги кунда про лигада Ҳумоюн Муртазоев билан тўпурарлар сафида боряпти. Ўйиндан олдин барибир унга алоҳида эътибор қаратдик. Стандарт вазиятларда ҳам ушбу футболчига алоҳида ёндашиш кераклигини айтгандик. Ўйинчиларимиз кўрсатмаларимизни бажара олишди.

- Қайси чизиқларга янги футболчиларни жалб этишни режалаштиряпсиз?

- Бу хусусида аниқ фикр айта олмайман. Яна битта ўйинимиз бор. Шундан кейин хотиржам танаффусга чиқиб олганимиздан сўнг, мураббийлар штаби, раҳбарият билан муҳокама қиламиз ва янги футболчилар жамоамизга қўшилишади, деб ўйлайман.

- Ҳумоюн Муртазоев ва ёки бошқа етакчиларга Суперлигадан таклиф тушса қўйиб юборасизми?

- Футболчиларни “Турон” билан шартномалари бор. Мавсум бошида ҳам ўйинчиларимизга таклифлар бўлганди. Аммо “Турон”даги барча футболчиларни қолдира олдим деб ҳисоблайман. Уларни ҳеч қаерга қўйиб юбормаймиз, йил охиригача шартномалари бор. Яна шуни ҳам таъкидламоқчиман: “Бухоро” таркиб бўйича яхши. Бемалол олдига қўйилган вазифани бажара олади. Уларга кейинги баҳсларда ҳам ғалабаларни нишонлаш насиб этсин.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!