Анвар Бердиев: "Машаъл" биздан кучли ўйнагани йўқ"

Про лиганинг 25-туридаги воҳа дербисида “Шўртан” ўз майдонида “Машъал”га 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйди. Ўйиндан сўнг ғузорликлар бош мураббийи Анвар Бердиев саволларга жавоб берди.

- Дербига яраша ўйин бўлди. Учрашув тенг курашлар остида ўтди. Бизда имкониятлар кўп бўлди, афсуски, фойдалана олмадик. “Машъал” жамоаси битта стандарт вазиятдан фойдаланиб кетди ва ғалаба қозонди. Уларни Суперлига йўлланмаси қўлга киритилгани билан табриклайман. Бизда ҳам имкониятимиз бор, кейинги ўйинларга тайёрланамиз.

- Учрашувга тактика қандай бўлиши керак эди ва якунда қандай бўлди?

- Кўрдинглар, бизда имконият кўпроқ бўлди. Футболда гол урмасанг ғалабага эришиш қийин. Биринчи бўлимда футболчиларимиз яққол бирга-бир имкониятдан гол ура олишмади. Тўғриси, машғулот жараёнларида ҳам буни футболчиларга қайтаравериб чарчадим. Машғулотлар пайтида ҳам футболчилар мана шундай вазиятлардан фойдалана олишмаяпти. Бу нарса футболчига қон билан кириб, жон билан чиқар экан-да! Ўзгартириш жуда қийин экан. Ўйлайманки, “Машъал” биздан кучли ўйнагани йўқ. Фақат битта вазиятини голга айлантириб, ғалаба қозониб кетди.

- Гол ўтказиб юборилганида ҳимоячилар офсайдни юзага келтиришмоқчи бўлди.

- Энди кўриб таҳлил қиламиз. Дарвозабонимиз билан марказий ҳимоячимизда хато бўлиб қолди, ҳимоядан ҳужумга чиқиш пайтида. Вазиятни охиригача кўриб кейин бир нарса дейиш мумкин. Ҳозир кимнидир айбдор қилмоқчи эмасман. Ютқаздик, бунга жамоадаги ҳамма футболчилар айбдор.

- Нуриддин Ҳасановга қизил карточка кўрсатилган вазиятда у ўзини тута олмадими ёки ҳакам нотўғри қарор қабул қилдими?

- Нуриддин Ҳасанов қизил олди. У билан кийиниш хонасида гаплашсам, мен ҳеч нарса деганим йўқ, деяпти. Футболчини ўзини бундай тутишини қоралайман. Ҳакам ҳеч қачон ўзини фикридан қайтмайди. Ўйинда ҳакам билан баҳслашиш керак эмас. Аксинча, тўғри ўйнаб ҳакамга ёрдам бериш керак. Ҳеч қачон бу нарсаларни оқламайман.   

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!