Анвар Бойназаров Францияда мезбон спортчини мағлубиятга учратди

Аралаш яккакураш жанг санъатлари устаси ўзбекистонлик Анвар Бойназаров ўзининг навбатдаги жангини бугун Франциянинг Страсбург шаҳрида ўтказди.

Кикбоксинг бўйича “GLORY 64” турнири доирасида 64 кг вазн тоифасида спортчимиз мезбон яккакурашчи Абдуллоҳ Эзбири билан куч синашди. Ҳамюртимиз очколар ҳисоби бўйича ушбу жангда ғолиб чиқди.

Қайд этиш лозимки, ҳамюртимизнинг бу сафарги рақиби ушбу турнирдаги фаолиятини 2013 йилда бошлаган бўлиб, шу вақтга қадар 5 жанг ўтказиб, 3 ғалаба ва 2 мағлубият қайд этган. Бугунги жангдан сўнг унинг мағлубиятлари яна биттага кўпайди.

Ушбу тўқнашув спортчиларнинг ўзаро иккинчи жанги ҳисобланади. Улар 2017 йил 28 октябрида Лионда ташкил қилинган “GLORY 47” турнири тўқнаш келишган ва унда мезбон спортчининг қўли баланд келган эди. Бугун эса Бойназаров ушбу мағлубият учун муносиб реванш олди дейиш мумкин.

Бойназаров бунгача сўнгги марта ўтган йилнинг сентябр ойида рингга кўтарилган эди. Ўшанда Чикагода ўтказилган "GLORY 58" мусобақасида британиялик Бейли Сугденни нокаутга учратган эди.

Эслатиб ўтамиз, Анвар Бойназаров учун бу “Glory” турнирларидаги 8-жанг ҳисобланади. Бунгача у 7 та жанг ўтказиб, 3 ғалаба (1 нокаут) ва 4 мағлубият қайд этган.

Маълумот учун: “Марказий Осиё шери” номи билан танилган Анвар муай тай билан шуғуллана бошлаган. Кўп йиллар давомида у Таиландда тажрибасини ошириб, ажойиб натижаларга эришган. У биринчилардан бўлиб “энг яхши хорижлик ​​Лумпини жангчиси” деган номга сазовор бўлган. Лумпини муай тай бўйича жаҳоннинг энг номдор стадиони ҳисобланади.

Анвар ушбу камар остида 110 жанг ўтказиб, 88 тасида зафар қучган. 50 тасида эса рақибларини нокаутга учратган. У икки марта “WMY Muay Thai” бўйича жаҳон чемпионига айланган ва бу орада кикбоксинг сир-асрорларини ҳам ўрганиб олади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!