Анвар Ғофуров: "Биринчи бўлимда жамоани умуман танимадим"

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Ўзбекистон Кубоги биринчи тур доирасида "Каттақўрғон" ва "Сурхон" ўртасидаги учрашувда 3:2 ҳисобида мезбонлар ғалаба қозонди. Мағлуб бўлган "Сурхон" жамоаси бош мураббийи Анвар Ғофуров матбуот анжуманида қатнашгани хусусида клуб матбуот хизмати маълум қилди. 

- Бугунги учрашув ҳақида фикрларингиз?

- Каттақўрғон жамоасини бугунги ғалаба билан табриклайман. Бугунги ўйиндаги хатолар учун масъулиятни ўз зиммамга оламан, чунки таркибни мен танлайман. Биринчи бўлимда жамоамиз кўрсатган ўйин умуман ёқмади. Нимагадир ўйинимиз қовушмади ва мен тушунмаган вазиятлар кўп бўлди. Таркибда айрим футболчиларга имконият бердик. “Пахтакор”га қарши ўйиндан фарқли равишда ўзгаришлар қилган эдик, аммо айрим футболчилар бу имкониятдан тўғри фойдалана олишмади, деб ўйлайман.

- “Пахтакор”га қарши ўйиндаги шижоат ва интилиш бугунги баҳсда кўринмади. Қарийб 80 дақиқа давомида жамоа ҳаракатида аниқ мақсад сезилмади. Бунга нима сабаб бўлди?

- Мен учун ҳам бу қизиқ бўлди. Биринчи бўлимда жамоани умуман танимадим. Иккинчи бўлимда эса 11 киши қилиши керак бўлган ишни 10 киши бажара олди. Ишонаманки, биз яхши ўйин кўрсата оламиз. Бугунги баҳсни чуқур таҳлил қиламиз ва бундай хатоларни бошқа такрорламаслигимиз керак. Майдонга тушган ҳар бир футболчи жонини бериб ўйнаши шарт. Чунки у шу жамоа либосини кийяпти ва барчамиз шу соҳа орқали оиламизни боқяпмиз. Шунинг учун майдонда бор кучимиз билан ҳаракат қилишимиз керак.

- Ўзбекистон миллий терма жамоаси тайёргарлик йиғини доирасида икки маҳаллий жамоага қарши ўртоқлик учрашуви ўтказди ва улардан бири “Сурхон” эди. Буни жамоанинг ўйини шакллангани ва яхши спарринг рақиб эканлиги билан изоҳлаш мумкинми?

- Албатта, бошқа сабаб йўқ. Терма жамоа ҳам рақибни шунчаки танламайди. Улар жамоаларни ўрганиб чиқиб, ўзларига мос рақибни танлайди. Биз эса бу танловдан хурсандмиз. Жамоада қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп ва буни мураббий сифатида тан оламан. Мен истаган жамоани шакллантириш учун ҳали кўп ишлашимиз керак. Ўйлайманки, вақт талаб қилинади ва биринчи давра охирига қадар жамоа яхши томонга ўзгаради.

- Жамоа олдига қўйилган вазифаларни бажариш учун иқтисодий барқарорлик ҳам муҳим. Бу йил молиявий муаммолар кўп муҳокама қилинди ва “Сурхон”да ҳам шундай ҳолат кузатилган эди. Ҳозирги вазият қандай?

- Раҳбарият томонидан молиявий муаммолар бартараф этилди ва бу учун уларга миннатдорчилик билдираман. Аммо молиявий ҳолат жамоа ўйинига таъсир қилмаслиги керак. Балки бугунги ўйинга тайёргарликда хатолар бўлгандир ёки мен мураббий сифатида айрим нарсаларни футболчиларга тўғри етказа олмагандирман. Лекин бундай ҳолатлар профессионал футболчи учун баҳона бўлмаслиги керак.

- Бугунги ўйиндан кейин жамоанинг гуруҳдан чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз? Чунки навбатдаги рақиб — “Пахтакор”.

- Бугунги ўйин мен учун ҳам катта дарс бўлди. Ҳар бир учрашувдан хулоса чиқараман. Ротация — яхши нарса, агар кам ўйнаётган футболчилар берилган имкониятдан унумли фойдаланса. Бундай ҳолатда ҳам футболчи, ҳам жамоа ютади. Агар аксинча бўлса, демак мураббий хато қилган бўлади. Мен кам ўйнаган футболчиларга имконият бериш керак, деб ўйлагандим ва улар бу имкониятдан яхши фойдаланади, деб ишонгандим. Аммо бўлган иш бўлди. Бу мен учун ҳам катта хулоса ва ўйлаш учун сабоқ бўлди. Кейинги ўйинларда бундай ҳолат такрорланмаслиги учун ишлаймиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!