Анвар Ғофуров: "Ҳозирги кунда ОКМК ўз ўрнида эмас"

“Сурхон” клуби Олмалиқда ОКМК меҳмони бўлди. Қизиқарли ўтган учрашув 1:1 ҳисобида якунланди.

Бир қарашда ОКМК ўйинни ғалаба билан тугатишга яқин келганди. Бироқ қўшимча дақиқаларда “Сурхон” супер гол билан мағлубиятдан қутулиб кетди. Натижада бош мураббий Анвар Ғофуров “Сурхон” бошқарувида мағлубиятсиз сериясини учинчи ўйинда ҳам давом эттирди.

Ўйиндан сўнг у матбуот анжуманида қатнашди.

- Мен кутгандим, футболчилар билан ҳам гаплашгандик. Жуда қийин ўйин бўлишини кутгандик. Чунки бу жамоа ҳозирги кунда ўз ўрнида эмас. Улар анча юқори ўринларда бўлиши керак. Шуни ўйинчиларга етказишга ҳаракат қилгандим. Ҳозирги пайтда бундай таркиб, бундай мураббийлар билан тасодифий ўриндалиги ҳақида жамоамизга етказдик. Осон ўйин аниқ бўлмаслигини билгандим.

- ОКМКнинг ҳозирги аҳволини тасодиф деб айтдингиз. Лекин бугунги ўйин кўрсатдики, менимча тасодиф бўлмаса керак. Чунки керакли жойда шунақа очкони йўқотиш...

- Балки шундайдир. Аммо бизни ҳам ўзига яраша ниятларимиз бор. Буни устида ишлаяпмиз ва ҳаракат қиляпмиз. Ўйлайманки, биз ҳам бунга лойиқ эдик.

- Қадамингиз қутлуғ келиб, иккита кетма-кет ғалаба билан бошладингиз. Бугун ҳам режани учида ғалабали серияни давом эттириш бормиди?

- Албатта. Бугун режалар бор эди. Бироқ ҳар доим ҳам ўхшамайди. Тўғри тушунишимиз керак, бу – футбол. Рақиб ҳам бор ва қайсидир вазиятда тўғри ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳар доим ҳам режаларингиз амалга ошавермайди. Ўйин охирида бўлса ҳам вазиятни чиқиб кетдик.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!