Анвар Ғофуров: Ишончим комилки, терма жамоамиз Саудияда ютиб келади
Бугунги кунда миллий терма жамоамизнинг Саудия Арабистонига ютқазиб қўйгани сабабли ҳамма ўз фикрини, муносабатини билдирмоқда. Олдинда эса биз Фаластинга қарши ўйин кутиб турибди. Терма жамоамизнинг собиқ футболчиси, ҳозирда Вадим Абрамов қўли остида «Бунёдкор»да ўйнаётган ҳимоячи Анвар Ғофуров ҳам терма жамоамиз учун қайғурмоқда. Шу боис у билан терма жамоамиз ҳақида суҳбатлашдик.
- Миллий терма жамоамизнинг Саудия Арабистонига қарши ўйиндаги мағлубиятига турли муносабатлар билдирилмоқда. Сизнинг бу борадаги фикрингиз қандай?
- Эктор Купер терма жамоамизга бош мураббий бўлганида ўйин услубимизда ўзгаришлар сезилганди. Энди яна мураббий алмашган. Табиийки, шунга яраша яна мураббийнинг талаблари ўзгармоқда. Шунинг учун ўйлайманки, вақт керак. Аслида ҳар бир ишга ҳам ўзига яраша вақт талаб этилади. Шу сабабли ҳамма мухлислар сабр қилишларини истардим ва албатта терма жамоага ишонишлари керак. Шахсан мен жамоамизга ишонаман, ҳаммаси яхши бўлади. Барчаси бирданига бўлиб қолмайди. Муҳими, ўзгаришлар бор. Бу мағлубиятга катта урғу бермаслик керак. Балки ёмон ўйнаб ютқазганимизда нима бўларди? Терма жамоамиз эса мухлисларга ёқадиган ўйин кўрсатяпти.
- Ҳаммаси режамиз асосида давом этаётганди ва биз 2:1 ҳисобида олдинда эдик. Лекин охирги беш дақиқа ичида воқеалар ривожи умуман ўзгариб кетди. Ўша онлардарда терма жамоамизга нима бўлди деб ўйлайсиз?
- Бундай вазиятда ҳар хил сабаб бўлиши мумкин. Бундай кучли рақибга қарши ўйнаганда охирги дақиқалар ўтиб бораётган маҳалда ҳар қандай футболчининг хаёлида ҳисобни ушлаб қолиш фикри бўлиши мумкин. 10:1 га ютсак ҳам уч очко берилади, 2:1 ҳисобида ютсак ҳам ўша очко берилади. Шу боис балки йигитлар ҳисобни сақлаб қолиш ҳақида ўйлашгандир. Бу – футбол бўлгани учун ким ютишию, ким ютқазишини ҳеч ким билмайди. Шунинг учун яна бояги гапимга қайтаман: мухлислар сабр қилиб туришсин.
- Ҳимоячи бўлганингиз учун мудофаа чизиғи вакилларининг ўйинига кўпроқ эътибор қаратган бўлишингиз табиий. Уларнинг ўйини сизга қандай кўринди?
- Купер пайтида 7 ёки 8 та ўйинчи кўпроқ орқада бўларди. Бундай пайтда ҳудудлар ёпилган бўларди. Агар комбинацион, чиройли ўйин кўрсатишни хоҳласак, унда ҳудудлар очиқ бўлиши лозим. Масалан, олдинда тўпни ушлаш учун кўпчилик керак бўлади. Агар кўпчилик олдинда бўлмаса, унда тўпни ушлаш қийин бўлади. Эсингизда бўлса, Европа Чемпионлар лигаси ярим финалида «Барселона» - «Челси» ўртасидаги ўйинда каталонияликлар зўр ўйин кўрсатишган. Аммо учрашув охирларида «Челси» ҳужумчиси Фернандо Торреснинг бир ўзи деярли майдон марказидан бошлаб дарвозабон билан яккама-якка чиқиб гол уриб кетганди. Бундай футбол ўйнаш ўзига яраша таваккалчилик. Албатта, ҳужумкор ўйин кўрсатишнинг ўзига яраша плюслари ҳам бор. Айниқса, мухлисларга ёқади. Талаблар яхши тарафга ўзгаряпти. Ҳозир эса «Барселона» ҳам футбол ўйнашга қийналяпти. Борган сари футболда услублар, талаблар ўзгариб бормоқда. Шунинг учун ҳимоячиларга, ярим ҳимоячиларга ва ҳужумчиларга ҳам янгидан-янги кўрсатмалар, талаблар пайдо бўлмоқда. Агар сиз бир услубга мослашиб бўлган бўлсангиз, кейин бошқасига ўрганишга келганда, бу қийин кечади. Ҳаммасига вақт керак.
- Шунингдек, Рустам Ашурматовнинг ўйинига ҳам эътирозлар бўлмоқда. У ҳақида нима деган бўлардингиз?
- Ҳамма футболчи ҳам энг зўр ўйинини кўрсатиш учун майдонга тушади. Бу айниқса, миллий терма жамоа бўлса! Уни танийдиган одамлар ва яқинлари эса ўша футболчи учун мухлислик қилишади. Рустам ҳам майдонга яхши ўйин кўрсатаман деб чиққан. Футболда эса албатта хатолар бўлиб туради. Кучли ўйинчилар томонидан ҳам хатоларга йўл қўйилаётганини кўриб турамиз. Шу боис буни тўғри тушуниш керак. Ашурматовга ҳам вақт керак деб ўйлайман. Боз устига у энди-энди миллий терма жамоада ўйнаяпти. Балки унда ҳаяжон кучли бўлган бўлиши мумкин.
- Табиийки, натижага бош мураббий жавобгар бўлгани учун Вадим Абрамов ҳам танқид қилинмоқда. Бу вазиятга қандай муносабат билдирасиз?
- Ўйлайманки, сафарда Саудияни ютиб келамиз. Унгача эса кўплаб йиғинлар ва ўйинлар бўлади. Абрамов эса янада тўғри тактика ҳамда кўрсатмаларни тушунтиради. Уларнинг ўйини қандай бўлади билмадим-у, аммо бизнинг ўйинимиз янада кучаяди. Вақт ўз таъсирини кўрсатади деб ўйлайман. Ишончим комилки, терма жамоамиз Саудиянинг майдонида ютиб келади.
- Терма жамоамизнинг ўйинлари туфайли миллий чемпионатимизда яна катта танаффус пайдо бўлди ва энди ноябрь ойининг охирги ҳафтасида учта тур ўйинлари ўтади. Терма жамоамиз эса чемпионат тақвимини ортга сурган ҳолда 2 ноябрдан йиғинга киришганди. Саудия бўлса, 10 ноябрь куни тўпланиб ҳам Тошкентга келиб ютиб кетди…
- Бир томондан барвақт йиғилиши бу терма жамоамиз учун яхши. Улар майдонда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилишяпти. Шу боис терма жамоамизга иложи борича шароитлар яратиб беришимиз лозим. Албатта, ҳамманинг фикри ҳар хил. Лекин мен ҳам мураббийларнинг қарорига қўшиламан. Футболчилар терма жамоада қанча кўп бирга бўлса, бир-бирини тушунишлари ҳам шунча яхши бўлади. Мураббийлар ҳам шунча вақт мобайнида ўйинчиларига маълумот ва кўрсатмаларини кўпроқ етказиб бериш имконига эга бўладилар.
- Аммо ноябрнинг охирги ҳафтасининг ўзида учта тур ўйинлари ўтади. Бу ҳол сизларга оғирлиқ қилмайдими?
- Оғирлик қилади. Лекин шундай қарор қабул қилинган, бизнинг ишимиз эса футбол ўйнаш. Ўз ишимизни бажаришга ҳаракат қиламиз. Агар бу борада биздан сўрашганида ўз фикримизни айтишимиз мумкин эди. Лекин шундай қарор қабул қилишдими, демак 7 кун ичида учта ўйин ўйнаш мумкин.
Фикрлар
Ашурматовга вакт керак деб, хато килаверса термани куйдириб бизни юрак огрик килиб клдирадику. Термадс уйнаса хато килишга хакки йук. Хато килмочи булса термада уйнамасин!?