АПЛ грандлари “Интер”нинг ёш юлдузини қўлга киритишмоқчи
"Ньюкасл Юнайтед" Европа бозорида иқтидорли ёш футболчиларни излашни давом эттирар экан, Франческо Пио Эспосито клубнинг асосий трансфер мақсадларидан бирига айланган.
Хабарларга кўра, “қарғалар” вакили шанба куни “Сан-Сиро” стадионида бўлиб ўтган ўйинни бевосита кузатган. Ушбу баҳсда "Интер" ва "Аталанта" 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади, учрашувда 20 ёшли ҳужумчи гол уришга муваффақ бўлди.
Манбага кўра, "Ньюкасл Юнайтед" сўнгги ҳафталарда скаутлик фаолиятини кучайтирган ва футболчини яқиндан кузатмоқда. Бош мураббий Эдди Хау ҳужум чизиғига янги, динамик ўйинчи қўшишни хоҳламоқда.
Эспосито нафақат "Ньюкасл" балки бошқа гранд клубларнинг ҳам эътиборида. Хусусан, "Арсенал" ҳам футболчига жиддий қизиқиш билдирмоқда. Шунга қарамай, "Ньюкасл" охирги 20 кун ичида музокараларда фаолроқ ҳаракат қилаётгани айтилмоқда.
Бироқ "Интер" футболчини сотишга шошилмаяпти. Клуб раҳбарияти, жумладан бош директор Беппе Маротта жамоанинг асосий таркибини сақлаб қолиш ниятида эканини таъкидлаган. Италияликлар ёш ҳужумчини жамоанинг келажаги сифатида кўрмоқда.
Маълумотларга кўра, "Ньюкасл" футболчини тахминан 80 миллион еврога сотиб олиш мумкин деб ҳисобламоқда. Аммо Италия матбуоти "Интер" камида 100 миллион евродан кам таклифларни кўриб чиқмаслигини ёзмоқда.
Шунингдек, клуб футболчини сақлаб қолиш учун янги шартнома устида ишламоқда. Унга кўра, Эспосито 2031 йилгача жамоада қолиши ва маоши сезиларли даражада оширилиши кутилмоқда.
Футболчининг агенти Марио Джуффреди ҳам унинг Италияда қолишга мойиллигини тасдиқлаган: “Пио Эспосито “Интер”да ўзини яхши ҳис қилмоқда ва келгуси 10 йил давомида жамоанинг келажаги бўлади”, — деди у.
Айни пайтда, Эспосито Италия терма жамоаси сафида ҳам муҳим ўйинчига айланиб бормоқда. Афсонавий дарвозабон Жанлуиджи Буффон ёш ҳужумчи ҳақида ижобий фикр билдириб, уни жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиқадиган футболчи сифатида баҳолади.
Шу тариқа, ёзги трансфер ойнаси Франческо Пио Эспосито фаолиятидаги энг муҳим босқичлардан бирига айланиши кутилмоқда.
Қобулов Наврўз
Фикрлар