Бу позицияга Ҳусанов бор, Нуньеш бор, сенга кафолат йўқ!
Жорий ёзда “Манчестер Сити” академия тарбияланувчиси Рико Льюиснинг келажаги бўйича қарор қабул қилишига тўғри келади. Футболчи келаси мавсум олдидан асосий таркибда мунтазам ўйнаш бўйича кафолатлар истамоқда.
“Манчестер Сити”да иқтидорли футболчига ҳеч ким ўйин амалиётини кафолатламайди. Ҳатто жамоани қабул қилиб олган янги бош мураббий Энцо Мареска ҳам.
Ўтган мавсум олдидан ҳақиқатан ҳам “Манчестер Сити”нинг ўнг қанот ҳимоясида муаммо юзага келган эди. Собиқ мураббий Хосеп Гвардиола бу позицияда уч футболчи – Абдуқодир Ҳусанов, Матеуш Нуньеш ва Рико Льюисни синаб кўрди. Ички рақобатда Рико ҳар икки рақобатчисига ютқазди.
Матеуш Нуньеш ҳужумга қўшилиш салоҳияти билан ўнг қанот ҳимоясида асосий фигурага айланди. Ҳимоявий ўйин услуби қўлланилган учрашувларда эса, бу позицияга асосан Абдуқодир Ҳусанов қўйилди. Кейинчалик ўзбек ҳимоячиси ўзининг асл нуқтаси – марказий ҳимояга қайтарилди ва мудофаа тизимида асосий фигурага айланди.
Рико Льюис эса, захира ўйинчиси бўлиб қолди. 2025/26 йилги мавсум Льюис учун осон кечмади. У кубок баҳсларидан ташқари деярли мунтазам асосий таркибда майдонга туша олмади ва кўп ҳолларда ҳатто ўйин қайдномасига ҳам киритилмади. Натижада у барча мусобақаларда атиги 22 та ўйин ўтказиб, ҳар бир баҳсда ўртача 50,2 дақиқа майдонда ҳаракат қилди.
Етарли ўйин амалиётига эга бўлмагани унинг Англия терма жамоасидаги ўрнига ҳам таъсир қилди. Льюис Томас Тухель томонидан 2026 йилги жаҳон чемпионатига жалб қилинмади. Бу эса унинг Шарқий Манчестерни тарк этиши ҳақидаги муҳокамаларни кучайтирди.
Англия оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, “Эвертон” клуби раҳбарияти жамоани тарк этган Шеймус Коулман ўрнига Рико Льюисни олиб келишни режалаштирмоқда.
“Шаҳарликлар” трансферга қарши эмас ва Англия терма жамоаси аъзоси бўлган 21 ёшли футболчини камида 35 миллион фунт стерлингга баҳолаяпти.
Ўтган ёзда клуб мутасаддилари “Ноттингем Форест”нинг Рико Льюис трансфери бўйича таклифларини рад этган эди. Аммо ҳозир вазият тамоман ўзгарган.
Рико Льюис учун жорий ёз “Манчестер Сити”ни тарк этиб, Англия Премьер-лигасининг бошқа кучли клубига ўтиш имкониятини тақдим этиши мумкин.
Football Insider журналисти Пит О'Рурк “Эвертон” раҳбарияти Рико Льюисни ёзги трансфер ойнасида ўнг қанот ҳимоячиси позициясини кучайтириш учун асосий номзодлардан бири сифатида кўраётганини тасдиқлади. .
Бироқ, уни “Манчестер Сити”дан сотиб олиш “Эвертон” раҳбарияти учун молиявий жиҳатдан осон вазифа бўлмайди. Қолаверса, “Манчестер Сити” ўз академияси тарбияланувчисини кетишга мажбур қилмоқчи эмас. Бироқ агар футболчининг ўзи трансфер сўраса ва муносиб таклиф тушса, клуб унинг кетишига тўсқинлик қилмайди.
Маълумотларга кўра, “Манчестер Сити”нинг ўзи ҳам ёзда янги ўнг қанот ҳимоячисини изламоқда. Клуб “Челси” ҳимоячиси Мало Густо (янги бош мураббий Энцо Маресканинг шахсий фаворити) ҳамда “Фейеноорд” футболчиси Гивайро Рид билан боғланяпти. Агар бу трансферлардан бири амалга ошса ҳам, Рико Льюиснинг янги мавсумда етарли ўйин вақти олиши янада қийинлашади.

Фикрлар