АПЛ грандлари таркибидаги 6 нафар ёш футболчи
Премьер лиганинг ёрқин истеъдодлари
2019/2020 йилги мавсум бизга: “Ливерпуль”нинг ақлбовар қилмас ўйини, “Тоттенхэм” ва “Арсенал”нинг омадсизлиги, “Шеффилд”нинг Чемпионлар Лигасига интилиши, ёш ва истеъдодли футболчиларнинг гранд жамоаларда ўзини кўрсатиши билан ёдда қоладиган бўлди.
Сизларга келаси мавсумда ўз жамоасининг асосий фигураси бўлиши кутилаётган ёш футболчилар ҳақида маълумот берамиз.
Фил Фоден – “Манчестер Сити”
Фил Фоден Англияда Уэйн Руни давридан бери энг яхши ёш истеъдодлардан бири. Аммо бу мавсум Фоден учун кўнгилдагидек бўлмади. 11 марта асосий таркибда майдонга тушган бўлса, 13 марта заҳирадан майдонга тушди. Фил асосий таркиб учун муносиб эканлигини кўрсатди, мухлислар ҳам уни кўпроқ майдонга тушишини исташади.
Лига Кубоги финали Фоден учун энг яхши ўйин бўлганди. Ўшанда Фил ўйиннинг энг яхши футболчиси дея эътироф этилди. Чемпионлар лигасида эса Фоден ҳисобида 4 та ўйинда 2 та гол ва 2 та голли узатма мавжуд. Ўртача ҳисобда битта ўйинда 90% аниқликда 1,5 та узатмани амалга оширяпти.
Ҳамма уни Давид Силванинг ўринбосари сифатида кўряпти. Испаниялик футболчи жамоани тарк этса, Фоден унинг ўрнини эгаллайди.
Букайо Сака – “Арсенал”
Муаммолар гирдобида қолган “Арсенал” футбол оламига бир қанча ёшларни тақдим этди. Эдвард Нкетиа, Рейсс Нелсон, Жо Уиллок ва Габриэл Мартинелли каби ёшлар мухлислар назарига тушишди. Лекин ҳеч бири Букайо Сака каби ёрқин ўйинларни намойиш этмади. 18 ёшли вундеркинд таркибга жалб қилинган заҳоти “Арсенал” ўйинига мослашиб кетди.
Аввалига қанот ҳужумида, кейинчалик чап қанот ҳимоясида тўп сураётган Букайо Микель Артетанинг ишончига кира олган футболчилардан ҳисобланади.
Сака ҳисобида 2 та гол ва 8 та голли узатма мавжуд. “Борнмут”, “Ньюкасл” ва “Эвертон”га қарши ўйинларда ҳар томонлама ўзининг энг яхши сифатларини намойиш этганди. Жуда кўпчилик Букайони “Арсенал“нинг келажаги сифатида кўряпти.
Яфет Танганга – “Тоттенхэм”
“Тоттенхэм” доимо ёшларга кўпроқ имконият бериб келган: Харри Кейн, Гарри Уинкс, Кайл Уокер-Питерс ва Оливер Скипп жамоанинг асосий футболчиларига айланишди. Аммо мураббий алмашгач, энди ёшларга камроқ эътибор қаратилиши ҳақида гапира бошлашди. Чунки Моуриньо ёшларга кам аҳамият беради.
Лекин ундай бўлмади. 20 ёшли Яфет Танганга асосий таркибда майдонга туша бошлади. Январ ойида “Ливерпуль“га қарши ўйинда дебют қилган футболчи ҳисобида ҳозиргача 9 та ўйин мавжуд. Яфет “шпорлар”нинг ўйин услубига тўла мослашиб кеди.
Мейсон Гринвуд – “Манчестер Юнайтед”
Мавсум аввалида кўпчилик Гринвудга ишонмаган эди. Орадан 8 ой ўтиб эса, унинг майдонга тушишини интизорлик билан кутадиган бўлишди.
Мейсон ҳисобида 10 та гол мавжуд. Уларнинг 5 таси АПЛда, қолган 5 таси Европа Лигасида урилган. Гринвуд мадонда 1108 дақиқа бўляпти ва ҳар 110 дақиқада битта гол уряпти.
Гринвуд “Қизил иблислар”нинг етакчи футболчиларидан бири бўлиши муқаррар.
Билли Гилмор – “Челси”
Охирги мавсумларда “Челси” ёшларга кўп имконият бериши танқид остига олинарди. Аммо бу мавсум мустасно бўлди. Трансферларга қўйилган тақиқ ва янги мураббий Фрэнк Лэмпард шарофати билан ёш футболчиларга кўпроқ имконият берилди. Ҳозирги таркибда Мейсон Маунт, Темми Абрахам ва Рис Жеймс бемалол асосий таркибда тўп сура олишини исботлаб қўйдилар. Улар орасида Билли Гилмор ҳам бор.
18 ёшли футболчи “Челси“ таркибида бир қанча ўйинларда майдонга тушди. Жамоадаги жароҳатлар сабаб унга ўзини кўрсатиш учун имконият яратилди. Шотладиялик футболчини Андрес Иньестага қиёслашмоқда. “Барселона“ ва “Реал” ёш футболчини кузатишни бошлаган.
Кертис Жонс – “Ливерпуль”
Ушбу мавсумда “Ливерпуль” муаммоларга деярли учрамаяпти. Клопп қўл остида жуда кучли таркиб тўпланди ва ёшларга ўзларини кўрсатиш учун имконият қолмади. Яхшиям-ки, кубок баҳслари бор.
Ҳозир академиядан чиққан футболчилар ичида Кертис Жонс яхши таассурот қолдиряпти. У “Қизиллар” академиясига 9 ёшида келиб қўшилган.
Ҳужумкор ярим ҳимоячи янги Стивен Жеррард бўлиши кутилмоқда. Муҳими, унга имконият бериб туриш керак.
Фикрлар