АПЛ "Манчестер Сити"нинг илтимосини рад этди
"Манчестер Сити"нинг Англия Кубоги финалига чиқиши Премьер-лигадаги "Борнмут"га қарши меҳмон ўйини қолдирилишига сабаб бўлди. Шу тариқа, "шаҳарликлар"да энди икки қолдирилган учрашув мавжуд.
Бундан аввал Англия Лига кубоги финали туфайли Хосеп Гвардиола жамоасининг "Кристал Пэлас"га қарши уй баҳси ҳам бошқа санага кўчирилганди. Энди ҳар икки учрашув 13 ва 19 май оралиғида ҳафта ўртасида ўтказилиши кутилмоқда.
Дастлабки режага кўра, "Манчестер Сити" 13 май куни "Кристал Пэлас"ни қабул қилади, 19 майда эса "Борнмут" меҳмони бўлади. 16 май куни эса жамоа Англия Кубоги финалида "Челси"га қарши майдонга тушади.
"Business Upturn" хабарига кўра, "Манчестер Сити" қолдирилган чемпионат ўйинлари тартибини ўзгартиришни сўраган, аммо АПЛ бу илтимосни рад этган.

Фикрлар