“Арсенал” инқирозининг асл сабаби нимада?(Эркин Ғайбуллаев блоги)

“Арсенал”да аҳвол яхши эмас. Охирги 42 йилдан бери лондонликларда аҳвол бунчалар ёмон бўлмаган эди. “Канонирлар” “Вест Хем” устидан қозонилган ғалабадан олдин 9 та ўйинда кетма-кет ғалаба нималигини билишмади АПЛда бунақаси фақат 1977 йилда бўлган эди. Жамоа ҳозирда турнир жадвалида 12-ўринда турибди. Жамоа сўнгги ўйинларда “Эвертон”, “Челси” клубларини енга олмади. Олдинда эса “Манчестер Юнайтед” каби гранд жамоа билан ўйин турибди.

Нега бундай бўлди? Бунга ким айбдор?

Раҳбарият

Бошқа жамоалар сингари “Арсенал” ҳам кучли раҳбариятга муҳтож. Бу борада муаммо бор. Кўпчилик мухлислар бу борада Кронке айблашади. Кронке жамоанинг аксионери ҳисобланади. Лекин Кронке бу ерда айбдор бўлмаслиги мумкин. У ҳаттоки эмерининг кетиши билан футболчилар билан суҳбат уюштирди.

Эмерини истеъфога чиқаришди. Ҳа, ўзгариш керак эди. Аммо бу ўзгариш олдинроқ бўлиши керак эди. “Арсенал”нинг ашаддий рақиби “Тоттенхем” Почеттинони истеъфога чиқарганидан 12 соат ўтиб Жозе Моуриньони мураббий этиб тайинланганини эълон қилди. Нега ҳалигача “Арсенал” вақтинчалик мураббий билан ишлаяпти?

Арсен Венгерни аввалроқ истеъфога чиқариши керак эди

2014 йилдаги Англия Кубоги ниманидир ўзгартириши керак эди. “Халл Сити” устидан қозонилган ғалабадан сўнг ҳамма хурсанд эди. Ана ўшанда Венгернинг шартномаси якунига етиши керак эди. Ҳали янги шартнома имзоланмаган эди. Балки ўшанда франсуз мураббийи кетганида ҳозир “Арсенал” бошқа жойда бўлган бўлармиди. Лекин Венгер яна шартнома имзолади ва 2 марта Ангия Кубогини ютди. Лекин бу ҳам мухлисларга етарли эмасди.

“Эмирейтс”да мухлислар иккита фронтга бўлинишди. Бир томон Венгернинг қолишини, унга ишониш мумкинлигини хоҳлашса, бошқа бир томон қўлига баннер олиб, унда “Wenger out” деган ёзувни кўтариб туришарди. Натижалар қониқарсиз эди, трансферлар ҳам айтарли даражада эмас. Бор пуллар шартномаларни янгилашга ишлатиларди. Лекин ақл билан ишлатилганда, бу пулларни бошқа мақсадда ишлатса ҳам бўларди.

 

Шартномалар билан ишлай олмаслик

“Арсенал”да шартномалар билан ишлай оладиган даражадаги кучли одамлар йўқ. Буни Аарон Ремсининг жамоани тарк этишидан ҳам билса бўлади. Уелслик футболчининг шартномаси якунига етаётган эди, жамоа кутиб турди. Охирида эса футболчига нисбатан қизиқиш йўқлигини айтишди ва Ремси “Ювентус”га ўтиб кетди. Жамоа нафақат битта етакчисини йўқотди, балки уни текинга қўйиб юборди.

Санчес ва Ўзил воқеаларини эсланг. Бири жамоада қолди, клуб тарихидаги энг катта шартнома имзоланиши эвазига, бошқаси эса “Манчестер Юнайтед”га ўтиб кетди.

Шартномалар борасидаги камчиликлар яққол кўзга ташланиб туради. Самир Насри, Бакари Саня ва Робин Ван Персилар жуда кичик суммага сотилган эди. Балки бундай воқеалар Обамеянг ва Ляказетьлар билан ҳам содир бўлиши мумкин.

Жамоада пул бор. Аммо улар бу пулдан фойдалана олишмаяпти. Жуда кўплаб ўрта даражадаги футболчилар ўз даражаларидан кўпроқ пул олишмоқда.

“Биз Европа Лигасида тўп сурадиган жамоага Чемпионлар Лигасининг маошини тўлаётганимизни яширишга ҳожат йўқ” – деган эди Джош Кронке.

Ҳавога совурилган миллионлар

“Арсенал” жуда кўп пул сарфлайди. Жиддий пул сарфланишлар 2013 йилда Месут Ўзил трансферидан бошланган эди.

Замонавий футболда пул сарфлаш керак. Аммо “Арсенал” жуда кўп пулларни ҳавога совуриб юборди. Клубнинг селексия бўлими умуман ишончни оқламайди. Буни 2016 йилда Шкодран Мустафи, Лукас Перес ва Гранит Жакага сарфланган 100 млн фунтдан ҳам билса бўлади.

Денни Уелбек, Матьё Дебуши, Габриел, Калум Чемберс ва Сократислар ҳам ҳеч нарсани ўзгартира олишмади. Трансферлар ойнасида “Арсенал” рақибларига қараганда кучсизроқ ҳаракат қилади. Ўйлаб кўринг, “Ливерпул” Доминик Соланкени 25 млн фунтга сотди. “Арсенал” эса худди шунча пул ишлаши учун Аарон Ремси, Джек Уилшер, Уелбек, Серж Гнабри ва Щеснилар жамоадан кетишига тўғри келди.

Иван Газидисни айблаш мумкин бу борада. Ҳозир У “Милан”да ишлаяпти. У трансфер нархларини белгилашда хатоларга йўл қўярди. Айнан у юқоридаги трансферларда қатнашган эди.

Ундан кейин жамоада Свен Мислинтат ишлай бошлади. Ундан ҳамма умид қилган эди. Чунки у истеъдодларни топишга уста эди. Лекин у Лондонда кўп қолмади. Ҳозирда Раул Санльей жамоада ишлаяпти. У туфайли жамоага Николя Пепе олиб келинди. Лекин футболчи ўзига сарфланган 72 млнни ҳалигача оқлай олгани йўқ.

Иван Газидис

Газидис жамоада ижрочи диреcтор вазифасида 10 йил ишлади. Мана шу 10 йилда ҳеч қанақа прогресс кўзга ташланмади. Тўғри, “Арсенал” 3 марта Англия Кубогида ғалаба қозонди. Аммо бирор марта АПЛда чампион бўлолмади.  Трансфер бозорида жамоа умуман ақлбовар қилмас нарсалар қилди. Жамоалар Лондон клубидан арзон нархга футболчиларни олиб кетишар, юлдуз футболчиларни шартномаси шунчаки якунига етиб қоларди. Маош ошиб борар, аммо жамоа кучли бўлмасди.

Венгер ўз постида кўп ушланиб қолди, Газидис эса умуман вазифасини бажара олмади. “Арсенал” эса инқироз гирдобида қолишда давом этяпти.

Жамоа Артета бошчилигида инқироздан чиқиб кета оладими? Буни вақт кўрсатади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!