Шомуродовнинг устози муҳим қарорга келди
Бу мавсум ўзбекистонлик футбол ишқибозлари Туркия Суперлигасда “Истанбул Башакшеҳир” жамоасига мухлислик қилмоқда. Чунки бу жамоа сафида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг икки етакчиси – Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев тўп тепяпти.
“Истанбул Башакшеҳир” раҳбарияти мавсум муваффақиятсиз бошлангани учун жамоа бош мураббийлигига Европа футболида танилган мутахассис Нури Шахинни олиб келди. 37 ёшли Шахин футболчилик даврида “Боруссия Дортмунд”, “Фейеноорд”, “Реал Мадрид”, “Ливерпуль”, “Вердер” ва “Антальяспор” жамоаларидаги фаолияти билан ном қозонган.
Мураббийлик фаолияти давомида эса “Антальяспор” ва “Боруссия Дортмунд”ни бошқарган.
Нури Шахин қўл остида “Истанбул Башакшеҳир”нинг ўйин услуби ўзгарди. Немис футболида шаклланган мутахассис жамоада ижобий янгиланишларни амалга оширди. Натижалар яхшилана бошлади.
Турк мураббийининг фаолияти Россиянинг “Динамо Москва” клуби эътиборини тортди. Москва клубини “Ростов”да Элдор Шомуродовга устозлик қилган ва легионеримизнинг Италия чемпионатига кўчиб ўтишига ҳисса қўшган таниқли мураббий Валерий Карпин бошқараётган эди.
Валерий Карпин айни пайтда Россия миллий терма жамоаси бош мураббийи ҳам ҳисобланади. Шу боис, у 17 ноябоь куни бор эътиборини терма жамоага қаратишга қарор қилганини билдириб, “Динамо”даги лавозимини топширди.
Шундан кейин “Динамо” спорт лиректори Желько Бувач Нури Шахинга боғланиб, унга жамоани бошқариш таклифини берди.
Россия ва Туркиядаги манбаларнинг маълум қилишича, Шахин “Истанбул Башакшеҳир” билан узоқ муддатли ҳамкорлик шартномаси борлиги, бу клубда яқинда иш бошлагани ва фаолиятини шу ерда давом эттириш истаги юқори эканини билдириб, “Динамо Москва”нинг таклифини рад этди.
“Динамо” таркибида ўзбекистонлик футбол ишқибозлари учун яхши таниш бўлган қозоғистонлик футболчи Бахтиёр Зайнутдинов ўйнайди. Ҳозир учун жамоасини вақтинчалик Ролан Гусев бошқариб турибди.
Шу тариқа, Нури Шахин “Истанбул Башакшеҳир” жамоасидаги ишини давом эттирадиган бўлди. Бу мутахассис қўл остида Элдор Шомуродовнинг ўйини очилиб кетганини алоҳида таъкидлаш лозим. 30 ёшли ҳужумчимиз Туркия Суперлигасида 12 та учрашувда рақиблар дарвозисини 8 маротаба ишғол қилиб, тўпурарлар пойгасида пешқадамлик қилмоқда.
Чемпионат давомида “Бешиктош”, “Аланьяспор”, “Коньяспор”, “Галатасарой”, “Кожаэлиспор”, “Генчлербирлиги” дарвозасига биттадан гол уриб, “Антальяспор” билан баҳсда дубль қайд этган Шомуродов “Башакшеҳир”нинг умумий 13 та голидан саккизтасини ўз ҳисобига ёздириб қўйган.
Аббосбек Файзуллаев эса, чемпионатда бешта учрашувда иштирок этди ва ҳозир жароҳатидан қутилиб, машғулотларда спорт формасини тиклашга уриняпти.
“Истанбул Башакшеҳир” Туркия Суперлигасидаги навбатдаги учрашувини 23 ноябрь куни ўз майдонида “Трабзонспор” футболчиларига қарши ўтказади.



Фикрлар