Вадим Абрамов: "Медаллар учун имконият бор, аммо..."
«Динамо» - «Қўқон-1912» (0:0) учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида қатнашиб, журналистлар саволларига жавоб қайтарди. Бу хусусида клуб матбуот хизмати маълум қилди.
«Ўз майдонимиздаги мавсумдаги охирги ўйинда мухлисларимизни хурсанд қила олмаганимиздан афсусдамиз. Барча биздан ғалабани кутганди, афсуски мавсум якуни бизнинг фойдамизга ишламаяпти. Зарур очколарни қўлдан чиқардик, ўзимиз айбдормиз. Ўйингача муаммолар бўлишини билардик, аммо бунчалик кўп бўлишини билмасдик. Рақиб зич ҳимояланди, биз эса якуний зарбани йўллай олмадик, гоҳида эса совуққон ҳаракат қила олмай, шошдик. Марказдаги ўйинчиларни алмаштиришга мажбур бўлдик, чунки жароҳатланганлар кўп эди. Захирадан қўшилганлар эса ўйинни кучайтиришмади.
Плетнёв дисквалификация сабаб ўйнай олмади, Ратиньо ва Фирдавс Абдураҳмоновда ҳам жароҳат бор. Икки футболчи машғулотда бир-бири билан тўқнашди ва иккаласининг ҳам тиззаси жароҳатланган. Бундай муаммолар эса ўйинимизга таъсир қилмай қолмади. Ҳожимирзаев жароҳатидан тузалиб, энди сафга қайтди. Агарда бугун гол уриб олганимизда, барча ишларимиз яхши кетаётгандек кўринарди. Бироқ гол ура олмадик. Кейин эса шошила бошладик. Аммо жамоаларнинг вақт чўзишига ҳакамлар жиддийроқ муносабатда бўлиши лозим. Бундай ўйинга бор йўғи 6 дақиқа қўшилаётгани ҳайрон қоларли. Нечта ўзгаришлар бўлди? 10 тами? Вақт чўзилиши-чи? Буларнинг барчаси учун эса 6 дақиқа... Қизиқ.
Медаллар учун имконият? Имконият бор. Аммо энди ҳаммаси фақат бизга боғлиқ эмас. Бронза ўзимизга боғлиқ, кумуш эса йўқ. Ҳаммаси қўлимизда эди. Чемпионлик учун ҳам курашда эдик. Охиригача курашамиз.
Ратиньонинг жароҳати? Ҳа, жиддийдек кўринмоқда. «Насаф»га қарши ўйнамайди. Унинг тиззасида жароҳат бор. Операция қилинадими ёки йўқ, билмайман. Буни вақт кўрсатади», - деди Вадим Карленович ўйиндан кейин.



Фикрлар