Артета «Арсенал» билан янги шартнома имзолашга яқин

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Лондоннинг «Арсенал» клуби бош мураббий Микель Артета билан янги шартнома борасида келишувга яқин турибди, деб хабар бермоқда Sports.kz нашри TEAMtalk манбасига таяниб.

Испаниялик мутахассиснинг амалдаги шартномаси мавсум якунида ўз кучини йўқотади. Унга оид музокаралар январь ойидан бери давом этмоқда ва ёзда янада фаоллашган. Манбаларга кўра, томонлар 25 сентябрдан бошланадиган терма жамоалар ўйинлари учун танаффусга қадар келишувга эришиши кутилмоқда.

Аввалроқ Артета клуб раҳбарияти ва спорт директори Андреа Бертадан асосий футболчилар билан шартномаларни узайтиришга устувор аҳамият қаратишни сўраган эди. Ҳозирда «Арсенал» Деклан Райс, Мартин Эдегор ва Юрриен Тимбер билан музокараларда ҳам сезиларли силжишга эришган.

Артета «канонирлар»ни 2019 йилдан буён бошқариб келмоқда ва шу вақт ичида жамоа бошида 350 дан ортиқ ўйин ўтказган. У клуб тарихи бўйича энг узоқ фаолият юритган мураббийлар рўйхатида еттинчи ўринни эгаллаб турибди ва яқин вақтларда ўйинлар сони бўйича афсонавий Герберт Чепменни ҳам ортда қолдириши мумкин.

Испаниялик мутахассис шунингдек «Арсенал» тарихида энг юқори ғалаба фоизига эга мураббий ҳисобланади. У Лондон клуби таркибида ўтказган ўйинларининг 60 фоизидан кўпроғини ютишга эришган ягона бош мураббий бўлиб, бу кўрсаткич бўйича Арсен Венгердан оз бўлса-да олдинда бормоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!