Асрор Алиқулов: "Биз чақирган кўплаб футболчилар таклифимизни охирги ўринга қўйишган"
“Хоразм” – “Шўртан” (3:2) ўртасидаги ўйиндан сўнг, ўтказилган матбуот анжуманида ғузорликлар бош мураббийи Асрор Алиқулов журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
- Бу ўйинга тайёргарлик жараёнида “Хоразм”нинг биринчи дақиқалардан босим қилишини ўйлагандик. Афсуски, тез гол ўтказиб юбордик. Кейин шошма-шошарликка йўл қўйдик. Иккинчи голни ҳам ўтказдик. Барибир футболчилар қўлини туширмади, охиригача ҳаракат қилдик. Мағлубиятдан қутулиб қолишга интилдик. Футболчиларга сўнгги дақиқага қадар курашганлиги учун фақат миннатдорчилик билдираман. Фақат захирадан ўйинчи туширишда хатога йўл қўйдик ва шу хато бизга қимматга тушди.
- “Шўртан” жисмоний жиҳатдан ўйинга тайёрми?
- Ўйиндан-ўйинга тайёрланамиз. Ўйлайманки, футболчиларимизнинг кўпчилигини про лига мавсумига тайёр деб ҳисоблайман.
- Биринчи ва иккинчи бўлимларда ўйин тактикасида ўзгариш бўлди...
- Майдоннинг сунъийлиги тўпни юришини секинлаштиради. Тўп билан муомала қилишда барибир “Хоразм” жамоасининг бизга нисбатан устунлиги сезилиб турди. Иккинчи бўлимда футболчиларнинг ўйинидан келиб чиқиб, ўзгариш қилдик.
- Бу мавсумда таркиб танлашда қанчалик кўнглингиз тўлди?
- Биз хоҳлаган футболчиларни ололмадик, десам тўғри бўлади. Чунки биз чақирган кўплаб ўйинчилар таклифимизни охирги ўринга қўйишган. Аввал олдида турган таклифларни кўриб чиқиб, ўхшамаса кейин бизга келишларини айтишган. Уларни кутиб турмадик. Бор футболчилар, яъни, таклифимизга ва шароитимизга рози бўлган ўйинчилар билан шартнома тузганмиз.
Фикрлар