Асрор Алиқулов: "ВАРдан фойдаланиш бизнинг ташаббусимиз ва унинг харажатларини клубимиз тўлаб берган"

“Машъал” клуби про лиганинг 18-турида ўз майдонида “Шўртан”ни қабул қилди ва воҳа дербисидаги жангда майдон эгаларининг қўли баланд келди – 3:1. Беллашувдан кейин “Машъал” устози Асрор Алиқулов матбуот анжуманида қатнашди.

- Дербида курашларга бой, мухлисларбоп ўйин кутилганди. Биз ҳам шунга тайёргарлик кўргандик. Дастлабки дақиқадан “Шўртан” жамоаси томонидан босим бўлди. Ўйлайманки, футболчилар ўйинни яхши бошлашди, босимга кўникишди. Яхши ҳужумлар қилдик ва рақибнинг босимидан кўп ҳолатларда чиқиб кета олдик. Кейинчалик “Шўртан” тактик услубини ўзгартирди. Барибир ҳисобда олдинга чиқдик. Умумий олганда, яхши ўйин кўрсатдик. Қайсидир ҳолатларда яхши ҳимояландик. “Шўртан” охирги дақиқаларда яна босимни оширди ва бўйдор футболчилар, ҳужумчилар сонини кўпайтирди. Яхши ҳимояланиб 3:1 ҳисобини сақлаб қола олдик. Бу билан мухлисларни, футболчиларни ва ўйин тайёргарлигига ҳисса қўшган ҳаммани ғалаба билан табриклайман.

- Ғузордаги “Шўртан” – “Машъал” учрашуви баҳсли ҳолат билан якунланганди. Бугун биринчи марта ВАР ишлади. Бунинг учун клуб ташаббус билан чиқдими ёки ПФЛнинг ташаббусимиди?

- ВАРдан фойдаланиш бу клубимиз ташаббуси билан. Ҳалол ўйин ва ҳаққоний футбол. Ўтган ўйиндан хулоса қилдик ва ВАР кераклигини бош директоримиз тушуниб етди. Натижада ВАРни таклиф қилди ҳамда унинг харажатларини клубимиз тўлаб берган. Ўйлайманки, учрашув мухлисларимиз учун ҳам қизиқарли ва мазмунли бўлди. Кўп қўполликлар бўлмади. ВАР бўлганлиги боис агрессив ҳолатлар кам бўлди. Футболчилар майдонда кўпроқ футбол ўйнашди.  

- Кўрдикки, ҳаракат қилса жамоа ғалаба қозона олади. Ғалабалар бардавом бўлиши учун “Машъал”га нима керак? Нима етишмаяпти?

- Биринчи навбатда кучли футболчи ҳамма вақт керак. Тўп бизда бўлган вазиятда оддий ҳолатларда хатога йўл қўйяпмиз. Тасаввур қилинг, қанотдан тўп оширилди, секунддан кейин гол ўтказиб юборяпсиз. Кўп эътибор қиламиз, кўп ишлаймиз. Футболчиларни оддий вазиятлардаги хатолари про лигадаги савияси ва ўйин амалиёти камлигидан. Суперлигада ҳам кўплаб жамоаларнинг ҳимоясида легионерлар тўп суришяпти. Ўйлайманки, ўйинчиларга маҳорат етишмаяпти. Ўзини ҳурмат қилган ҳимоячилар бундай ҳолатларда хато қилмасликлари керак.

- Маҳорат ҳақида гапиряпсиз. “Машъал” ҳозир “Бухоро”дан кейин 2-ўринда турибди ва 3-ўриндаги рақибини 7 очкога ортда қолдиряпти. “Машъал” Суперлигага йўл оладиган бўлса, моддий, техник ва таркиб жиҳатидан тайёр бўла оладими?

- Моддий жиҳатдан раҳбарият ва бош ҳомийимиз тарафидан ҳамма нарса муҳайё. Суперлигага чиқсак ҳам бу жиҳатдан муаммо бўлмайди. Инфраструктурага келсак, стадион таъмирланяпти. “Машъал”да инфраструктура етарли. Жамоага келадиган бўлсак, футболчилар Суперлигага мос бўлиши учун ўсиши керак. Барибир Суперлига бошқа савия, бошқа футболчилар ва бошқа темп. Про лигада оддий хатоларни кечириши мумкин, аммо Суперлигада кечиришмайди. У ерда очко олиш жуда қийин.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!