"ATF Championship" турниридан сюрпризлар ёхуд Музаффар Раджабовнинг режалари қандай?

  • 11 апрель, 19:15
  • Ahmadbek Eshmatov
  • 0
  • MMA
BEPUL PROPAN

Хабарингиз бор, юртимиздаги илк ташкил етилган "ATF Championship" промоушени маълум бир танаффусдан сўнг, яна фаолиятини бошлади. 16 май куни "ATF 21" турнири ташкил этилади. Бугунга келиб, бир нечта қарама-қаршиликлар маълум бўлиб улгурди. 

Биз ушбу турнирга оид ва бошқа масалалар юзасидан ушбу промоушен асосчиси ва раҳбари,юртимиз яккакураш оламининг ёрқин вакилларидан бири, шунингдек Ўзбекистон ММА ҳамда кикбоксинг ассоциациялари раиси ўринбосари Музаффар Раджабовнинг фикрлари билан қизиқдик.

- Музаффар Муродович маълум бир танаффусдан сўнг яна ATF турнири ташкил этилмоқда. Бу галги турнир ҳам юқори савияда ташкил этилса керак? 

- Албатта, бу борада бор имкониятимизни ишга соламиз. Орадаги бир йиллик танаффусга ҳам ойдинлик киритиб ўтаман. Ортда қолган 2024 йилда биз бор эътиборимизни ҳаваскор йўналишга қаратдик. Чунки юртимиз ММА, кикбоксинг ва қўл жанги бўйича нуфузли мусобақаларга мезбонлик қилди. 
Жумладан, Тошкент шаҳрида илк маротаба кикбоксинг бўйича Жаҳон кубоги ўтказилди. Октябрь ойида қўл жанги бўйича ўсмир-ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати ва ноябрь ойида ММА бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионатини ўтказдик. Албатта, ушбу мусобақаларни муносиб тарзда тарзда ташкил этиш ва тайёргарлик кўришга масъул инсонлардан бири бўлганлигим учун ATF фаолиятини қисқа муддатга тўхтатиб турган эдик. Мана 2025 йил бор эътиборимизни профессионал йўналишга қаратамиз.


- Юртимиз мезбонлик қилган жаҳон чемпионатларида ўзбекистонлик спортчиларни натижаларидан қониқиш хосил қилдингларми?

- Ажойиб натижалар қайд этилди. Кикбоксинг бўйича Жаҳон кубогида 51 та мамлакат ичида 1- ўрин қайд этилди. Қўл жанги бўйича жаҳон чемпионатида 31 та мамлакат иштирок этди ва унда ҳам 1- ўринни қўлга киритдик. ММА бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам 71 мамлакат ичида 7 та олтин медаль билан умумжамоа ҳисобида етакчи бўлдик. Бунга осонлик билан эришмадик. Албатта, бу  юқоридаги уч ассоциацияда ишлар тўғри йўлга қўйилганлигининг самарасидир. 


-Ҳаваскор йўналишда ишларимиз ёмон эмаслигини айтиб ўтдингиз. Мутасадди шахс сифатида профессионал ММА ва кикбоксингчиларимизга қандай баҳо берасиз?

- Аввалги интервьюларни бирида хаваскор ММАчиларимиз 5 йилда жаҳоннинг энг кучли жамоасига айланади дегандим. Ўша интервьюдан кейин деярли 5 йил ўтди ва биз жаҳон чемпионатида тенгсиз бўлдик. Албатта, буни ўз-ўзимдан айтмаганман. Бизда зўр авлод борлигини ўсмир-ёшлар ўртасидаги мусобақаларда кўргандим. Демоқчиманки, ҳали профессионал йўналишда ҳам янги марраларни забт этамиз. Хозир ҳам ёмон эмас, ҳамюртларимиз жаҳоннинг нуфузли лигаларида жанг қилишяпти. Ҳаммасини омадини берсин.


- Бу йил ҳам ҳаваскорлар
ўртасида  турнирлар бўлса керак?

- Албатта, яна бир неча кундан сўнг Қарши шаҳрида ММА бўйича ўсмир-ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтади. 2-7 июлда Абу-Дабида айнан шу ёш тоифасида жаҳон чемпионати бўлади. Октябрь ойида Бахрайнда ёшлар ўртасида Осиё ўйинарида ММАчиларимиз иштирок этади. Бу борада уларга етарлича шароит яратиб беришга ҳаракат қиламиз. 


- "ATF 21" турниридан қандай сюрпризлар кутишимиз мумкин?

- Мен ҳар доим файт-кардни муносиб тузишга ҳаракат қилганман. Бу сафар янада қизиқарли бўлади. Ҳаваскор йўналишдаги жаҳон чемпионлари Жамшид Тиллаев, Асрор Анваржонов, Зафар Рашидовлар ҳам дебют қилади. Иштирокчилар географияси ҳам кенгайган. Рекорди юқори бўлган, тажрибали жангчилар ҳам октагонга кўтарилади. Умуман олганда мухлислар бир-бирига муносиб бўлган рақиблар жангини томоша қилади. Қолаверса, бир йил мобайнида жаҳоннинг бир нечта нуфузли промоушенлари билан музокаралар олиб бордик ва улар билан ҳамкорлик қилишга ҳам келишиб олганмиз. Ҳозирча бу промоушенларни айтиб ўтирмайман, тез орада ушбу воқейликлар расман амалга ошади ва ўшанда гапирсак бўлади. Мақсадим ёшларни жаҳон ареналарига чиқаришдан иборат. ATF орқали қанча кўп спортчилар ўз йўлини топиб кетса, бундан жуда хурсанд бўламан. 

-Бу борада сизга омад тилаймиз!

- Раҳмат.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!