Австралия бош мураббийи: "Агар Ўзбекистон ишончли ҳаракат қилмаганда, биз бундай статистика қайд этмаган бўлардик"
Австралия - Ўзбекистон терма жамоалари тўқнашувидан сўнг томонларнинг бош мураббийлари ўртасида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Австралия терма жамоаси устози Грэм Арнольд иштирок этди.
"Хайрли кеч, ҳаммага. Биласиз, гуруҳдаги рақибларимиз осон эмас эди. Улар бизга яхшигина қаршилик кўрсатди. Айниқса, Ўзбекистон билан баҳс жуда оғир ўтди. Шунга қарамай, биз ўйиндан ўйинга ўсиш бўлаётганини кўриб турибмиз ва плей-оффда янада ишончли ҳаракат қилишимиз лозимлигини ҳам биламиз.
Кейинги босқичда ким рақиб бўлиши ҳақида бош қотираётганимиз йўқ. Агар биз ўз ўйинимизни намойиш эта олсак, ҳар қандай жамоани енгишимиз мумкин.
Бугунги баҳсда атиги битта аниқ зарба бердик. Ҳужумда анча қийналдик, зарбаларни якунлашда муаммолар юзага келди. Аммо рақиб ҳам муносиб ўйнаганини эътироф этишимиз керак. Агар улар ишончли ҳаракат қилмаганда, биз бундай статистика қайд этмаган бўлардик.
Ўзбекистоннинг кўплаб футболчилари ўз чемпионатида тўп тепади. Бизда эса бундай футболчилар атиги 4 тани ташкил этади. Шу томондан ҳам бизда озгина муаммолар кузатилди", - деди мутахассис.
Фикрлар