Яқиндагина Кевин Де Брюйне «Манчестер Сити»даги 100-ассистини амалга оширди. Бельгиялик ярим ҳимоячи шу темпда кетса, тез орада бугунги рўйхатдаги футболчиларни ортда қолдириши мумкин. Биз эса, фаолияти давомида сўнгги узатмани энг кўп амалга оширган ва ҳамон майдонда жавлон ураётган футболчилар ўнлигини эътиборингизга ҳавола этамиз.

10-ўрин. Златан Ибрагимович (Швеция) — 203 ассист (186 та клуб ва 17 та терма жамоа сафида)

Zlatan12

Залатан, деганда барчанинг кўз ўнгига фаолияти давомида 500 дан ортиқ гол киритган бақувват ҳужумчи келиши турган гап. Эътиборлиси шундаки, швед нафақат зарба, балки узатмалар борасида ҳам беназирлардан бири саналади. Ибрагимович сўнгги йилларда ушбу статистикасини анча яхшилаб олди. Бунга қадар, у тўпни бироз қизғанадиганлар тоифасига кирар эди.

9-ўрин. Кевин Де Брюйне (Бельгия) — 225 ассист (188 та клуб ва 37 та терма жамоа сафида)

zlatan13

Кевин яқиндагина Жон Стоунз киритган голга ҳаммуаллифлик қилди ва «шаҳарликлар» сафидаги юбилей узатмасини амалга оширди. У ўзи тўп сурган барча клубларда сўнгги пас борасида беназир эканлигини исботлаб келган. Фаолияти давомида шарафини ҳимоя қилган 5 та жамоада ҳам Кевин ассистлари билан бошқалардан ажралиб турган.

8-ўрин. Сеск Фабрегас (Испания) — 241 та ассист (204 та клуб ва 37 та терма жамоа сафида)

zlatan14

Фабрегас ўзи тўп сурган клубларнинг 3 тасида 50+ натижа кўрсатишга муваффақ бўлган. «Арсенал» (92), «Барселона» (52) ва «Челси» (50) жамоаларидаги натижалар ўз йўлига, 2010 йилдаги ЖЧ финал учрашувида Андрес Иньестага ким пас бергани ёдингиздами? Айнан олтин гол учун олтин узатмани амалга оширган ҳам Сеск Фабрегас бўлади!

7-ўрин. Томас Мюллер (Германия) — 242 ассист (206 та клуб ва 36 та терма жамоа сафида)

Zlatan15

Йиллар ўтгани сари Томаснинг голлари сони камайиб бормоқда. Сўнгги узатмалари эса, ортиб боряпти. Қаҳрамонимиз ўтган мавсум Бундеслигада 21 та аниқ узатма амалга оширишга муваффақ бўлди. Айнан шу натижа юқорида ёдга олинган Кевиннинг рекордини янгилади. Аслида, Мюллер ўз кўрсаткичини янада яхшилаб олиши мумкин эди, бироқ Лёв уни термага чақирмай қўйди.

6-ўрин. Франк Рибери (Франция) — 244 ассист (219 та клуб ва 25 та терма жамоа сафида)

Zlatan16

Франк 20 йиллик фаолияти давомида жуда кўплаб голларда иштирок этди. Афсуски, «Фиорентина» сафида аввалги даражани намойиш эта олмаяпти. Қаҳрамонимиз ўз статистикасини «Бавария» таркибидаги ўйинлари билан яхшилаб олган эди. Ҳозир эса, олдинги Риберидан асар ҳам қолмаган. Шундай бўлса-да, унда ассистлар сонини 250 тага етказиб олиш имконияти мавжуд.

5-ўрин. Анхель ди Мария (Аргентина) — 248 ассист (225 та клуб ва 23 та терма жамоа сафида)

zlatan17

Ди Мариа бугунги рўйхатимиздан ўрин олган юлдуз эмас, аммо у ижро этган паслардан сўнг Роналду, Месси ва Ибрагимович сингари футболчилар кўплаб голлар киритган. «Реал»нинг «десима»ни амалга ошириши учун Бэйлга сўнгги пасни узатган ҳам айнан ди Мария бўлади. Афсуски, «ЖЧ-2014» финалида жароҳат сабабли, у иштирок эта олмади. Кўплаб мутахассислар айнан қаҳрамонимизнинг йўқлигини Аргентинага панд берган, деб ҳисоблайди.

4-ўрин. Месут Ўзил (Германия) — 256 ассист (216 та клуб ва 40 та терма жамоа сафида)

Zla133

Аслида, Ўзил бу иқтидор билан ҳеч бўлмаганда 300 та ассистни амалга ошириши лозим эди. Ўйинни яхши ўқий оладиган ярим ҳимоячи «Арсенал» сафида негадир дангасалик қилди. Месут ҳам Фабрегас сингари 3 та клубда («Вердер» (54), «Реал» (77) ва «Арсенал» (80) 50+ натижа қайд этган. Энди футболчи Туркия чемпионатида ўз статистикасини яхшилаб олиш учун уриниб кўради.

3-ўрин. Криштиану Роналду (Португалия) — 265 ассист (224 та клуб ва 41 та терма жамоа сафида)

Zlatan19

Роналду майдонда ўз эгосини кўрсатади. Шунга қарамай, Криш сайёрамизнинг энг кучли (айни дамдаги футболчилари орасида) ассистентлари учлигидан ўрин эгаллаган. У киритган голлар сонига 265 та ассистни қўшсак, шунчаки қўрқинчли статистика келиб чиқиши аниқ. Асосан, ҳужумни якунловчи сифатида тўп сурадиган Роналду учун бу шунчаки фантастик кўрсаткич.

2-ўрин. Луис Суарес (Уругвай) — 268 ассист (237 та клуб ва 31 та терма жамоа сафида)

Zlatan20

Луис майдонда чинакам овчидек ҳаракат қилади. Унинг голга ҳарислиги бор, бироқ у ўз вақтида тўпдан қутилиш бобида ҳам беназир. Унинг узатмалари сабабли, «Барселона» узоқ муддат Европа тахтида ўтирди. Энди эса, уругвайлик ҳужумчи «Атлетико» билан чемпионлик сари дадил одимламоқда.

1-ўрин. Лионель Месси (Аргентина) — 335 ассист (284 та клуб ва 51 та терма жамоа сафида)

Zla5634

Сўнгги пайтларда гол ва ассистлар борасида бирорта рейтингни Мессисиз тасаввур қилиш имконсиз бўлиб қолди. Тўғри, аргентиналик футболчи рейтингларда доимо биринчи ўринда эмас, бироқ ушбу рўйхатда унинг номига кўзингиз тушади. Лео XXI асрнинг энг яхши ассистенти саналади. Футбол олами голли узатмаларни ҳисоблашни бошлагандан бери, ҳали ҳеч ким Мессини бу кўрсаткич бобида ортда қолдира олмади. Унинг рекордларини келажак авлод янгилашига эса, тобора ишониш мушкуллашиб бормоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!