Азамат Шомуродов: "Элдорга аниқ таклиф бўлса, аввало мен билан маслаҳатлашади"
Элдор Шомуродовнинг “Женоа” клубида охирги ўйинлардаги натижалари ва голлари биз учун жуда ёқимли бўлди. Ўзбекистонлик ҳужумчи ўз жамоасида ўрнини топди. Бу ҳақида ОАВда ҳам кўп ёзиляпти. Унинг дадаси Азамат Шомуродов фарзандининг Италиядаги фаолияти ҳақида sports.uzга интервью берди.
- Элдорнинг ягона голи “Женоа”га “Кальяри” устидан муҳим ғалабани тақдим қилди. Ўғлингиз А серияда жами 8 та гол урди. Италия чемпионатида ундан бундай сермаҳсулликни кутганмидингиз?
- Тўғрисини айтсам, кутмагандим. Биласиз, бошида мослашиши ҳам осон кечмади. Вақт ўтган сари Элдор у ерда ўзини яхшироқ ҳис қила бошлади. Кейинчалик оиласи ҳам Элдор билан бирга кетди ва бу ҳам унга енгиллик берди. Рафиқаси ва фарзанди ёнида бўлганидан кейин Элдор кўпроқ гол ура бошлади. Айтмоқчиманки, оиласининг ёнидалиги катта ёрдам берди. Барибир яқинларингнинг сен билан бирга бўлиши ўзингни қулай ҳис қилишингга сабаб бўлади. Бошида эса ўғлим Италияда бир ўзи эди, шунинг учун унга осон бўлмади.
- Элдорни нечта гол уришини тахмин қилгансиз?
- Кўпи билан 5-6 та урса керак, деб ўйладим. Лекин 8 та гол уришини ўйламагандим. Унинг ўйинлари ва натижаларидан хурсандмиз. У ўз устида ишлашдан тўхтамади. Доим изланишда бўлди.
- Шомуродов билан боғлиқ ҳар қандай янгилик ҳаммамизни эътиборимизни тортади. Ҳар кун гаплашасиз ва қандайдир янгилик бўлса, ўзингиз билан маслаҳатлашади. Айтинг-чи, шу пайтгача ўғлингиз сиз билан қайси клубнинг таклифи ҳақида гаплашди?
- Унга турли жамоалар қизиқаётгани ҳақида эшитиб турамиз, Элдорни қулоғига ҳам чалиниб туради. Лекин булар фақат миш-миш гаплар холос. Албатта, унга аниқ ва жиддий таклиф бўлса, биринчи бўлиб мен билан маслаҳат қилади. Лекин ҳали Элдорни ўзига таклиф билан чиқишгани йўқ. Балки клубига бу борада мурожаат қилишгандир. Биз ҳам асосан кўча-куйдаги турли гап-сўзларни эшитиб турамиз холос.
- Масалан, “Рома”нинг қизиқаётгани ҳақида эшитяпмиз. Сиз Моуриньо қўли остида тўп суришини хоҳлармидингиз?
- Агар имкон бўлса, бемалол у ерда ҳам ўйнаб кета олади. Аммо Моуриньо ҳам биринчи навбатда натижа кўрсатиши керак. Унинг ва “Рома”нинг ўйин услубига мослашиши ҳам керак бўлади. Аммо Элдор қаерда бўлса ҳам меҳнат қилади, ўзини кўрсатиш учун курашади. Ҳозирча бу каби хабарлар ҳақида асос йўқ.
- Сизнингча, “Женоа”да кетадиган пайт келдими?
- Биласизми, энди у бемалол бошқа жамоага кетса ҳам ўйнаб кета олади. Чунки ўтган вақт давомида Италия футболи ва ҳаётига мослаша олди. Қийинчиликларни енгиб ўтяпти. Лекин ўзимга қолса, уни яна бироз муддат “Женоа”да қолишини истардим. Бу жамоада яна тўп суриб, ўзини кўрсатиб, голлар урган ҳолда ҳозиргидан-да қулайроқ даражада кўникишини хоҳлардим. Лекин “Женоа” уни сотадиган бўлса ҳам энди икки баробар кўпроқ пул ишлашни исташи турган гап. Чунки трансфердан клуб ҳам фойда кўриш пайида бўлади. Боя айтганимдек, агар бошқа клубга кетадиган бўлса ҳам бемалол ўйнаб кета олади.
- “Женоа”да унга кўпроқ кимлар ёрдам беряпти?
- Пандевдан кўп нарса ўрганяпман дейди. Кришито ҳам уни қўллаб туради. Илгари у ҳам Россия чемпионатида ўйнаган-да. Лекин улар бутун жамоа сифатида жуда аҳил. Бу хусусида ўғлим кўп айтади. Мураббий ҳам унга ишонади.
- Шу ҳақида ҳам сўрамоқчи эдим. Роландо Маран кетгач, Давиде Баллардини келди ва Шомуродов ўзини кўрсатди...
- Баллардини имконият ва ишонч берди. Элдор майдонда қанча вақт ўйнаса ҳам иложи борича шундан фойдаланишга ҳаракат қилди. Шу тариқа, улар ўртасидаги муносабат янада яхшиланди. Ўйинлар пайтида ҳам мураббий тез-тез “Элдор, “Элдор” деб кўрсатма бериб туради. Айтишича, унинг исмини талаффуз қилиш унга қулай экан. Айниқса, рақиб ҳужум қилаётганда орқароққа қайтиб прессинг қилиш пайтида Элдорни қайтишини айтади. Ҳаттоки, ҳимоячиларга шундай кўрсатма бераётганда ҳам беихтиёр Элдор, деб бақириб юборар экан.
- Сизга кўпроқ қайси мураббийнинг иш услуби ёқади?
- Клопп. У “Ливерпуль”да ажойиб натижалар кўрсатди, жамоаси зўр. Футболчилар билан яхши ишлайди. Жамоасининг ғалабасида ҳам, мағлубиятида ҳам бирдек қайғуради. Унинг услуби менга кўпроқ ёқади.
- Шомуродов Клоппнинг қўли остида ўйнаб кетган бўлармиди?
- Албатта. Унга ҳам мос тушади. Салоҳлар ўзини кўрсатганида нега Элдор ўзини кўрсата олмайди? Ўйлайманки, “Ливерпуль” ўйинига мос тушади.
- Ўзингиз Италияга қачон бормоқчисиз?
- Аслида боришим керак эди. Карантин бўлиб қолиб кетди. Ҳеч бўлмаганда охирги ўйинига бориш ниятим ҳам йўқ эмасди. Майли, энди насиб қилса янги мавсум бошланган пайтда борармиз. У ерда чемпионат тугади, улар қайтишяпти, Москва орқали келишади. Клубидагилар барча футболчилар билан алоқада бўлиб туришини айтган. Энди Элдор бор эътиборини терма жамоага қаратади. Италияда тўп сураётгани иккинчи даражали, асосийси эса Ўзбекистон учун фойда келтириш. Бу борада унга айтаман ва терма жамоада ҳам голлари билан ёрдам беришини уқтириб келаман. Буни ўзи ҳам яхши тушуниб турибди. Шунинг учун терма жамоа учун бор маҳоратини ишга солади.
- Яна қайси ўзбекистонлик футболчини Шомуродов каби Европанинг "топ-5" чемпионатида ўйнаб кета олади, деб ўйлайсиз?
- Билмадим. Италияда тўп суриш жуда қийин. У ерда ҳимоячилар жуда кучли. Бундай чемпионатга мослашиб, голлар уришнинг ўзи бўлмайди. Европанинг кучли чемпионатига кетмоқчи бўлган ўйинчи аввало Россиядан ўтиши керак. Яъни, у ерда тўп суриб ўзини кўрсатиши талаб қилинади. Ўғлим ҳам Россия чемпионатида анча вақт ўйнади-ку, у ерда ҳам аввалига қийин бўлган, бора-бора мослашиб, ўз ўйинини топди. Россияда ўйнамасдан туриб бирданига Европага кетиш жуда қийин. Шомуродов бу йўлни босиб ўтган. Остон Ўрунов ҳам Россияда ўзини кўрсатишга ҳаракат қиляпти. Лекин жароҳатлар унга халақит қиляпти. Элдор Италияга борган дастабки пайтларда жисмоний томондан ҳам қийналарди. Кейинчалик спорт формасини яхшилаб олди.
- Дарвоқе, “Аталанта”га қарши ўйиндан кейин Элдор Руслан Малиновский ҳамда Алексей Миранчук билан жуда илиқ муносабатда гаплашиб турганини кўрдим...
- Ҳа, шундай. Малиновский ва Миранчук билан улар тез-тез гаплашиб туради. Фақат ўйин бўйича эмас, улар ҳар жабҳада бир-бирини қўллаб-қувватлашади. Шунинг учун ўрталаридаги муносабат жуда яқин. Ахир улар МДҲдан келган футболчилар. Шунинг учун доим мулоқот қилиб турадилар. Элдор Шомуродовни нафақат Ўзбекистонда қўллашяпти, балки Россияда ҳам. Чунки улар “Шома наш” деб кўп гапиришади. Айтмоқчиманки, россияликлар ҳам ўғлимнинг голларидан жуда хурсанд бўлишяпти.
Фикрлар