БАА билан ўйин биз учун муҳим эмас! (Эркин Ғайбуллаев блоги)
Ўзбекистон Олимпия жамоаси гуруҳдан чиқишни уддалади. Ҳа, амаллади эмас, балки ўз кучи билан бу босқичга чиқди. Демак, биз кучли 8 жамоадан биримиз. Бу мусобақа рейтинги тузилганда биз Япония, Эрон, Хитой каби жамоалардан устун турган бўламиз.
Тан олинг, сиз-у биз, гуруҳни кўрганимизда жамоамиз учтадан кўп ўйин ўтказишига ишонганимиз йўқ. Қандай кучли жамоамиз бўлмасин, биз Хитой, Эрон, Жанубий Корея каби Осиёнинг етакчи жамоаларидан ташкил топган гуруҳда “Бизга йўл бўлсин…” деб қўйдик. Аммо ёшларимиз улардан кучлироқ эканлигини исботлашди.
Эрон билан ўтган ўйинда, кўпчилигимиз жамоамиздан ранжидик, уларга таъна тошларини отишни бошладик. Хитойга қарши эса биз билган курашувчан жамоамиз майдонга тушди. Учинчи учрашувда ҳар доимгидек бизни таҳликага солишди. Бу бизнинг жамоамизга хос хунук анъана. Ҳеч қачон иккита ўйинда 100 фоизлик натижа қайд этиб, сўнгги ўйинда бемалол ўйнашни одат қиладиган жамоани кўра олмадик. (Қани эди кўрсак..)
Тўсиқ.
Аслида учинчи ўйиндаги мағлубият бизни нисбатан осонроқ квартетга ташлади. Финал йўлида бизнинг рақибларимиз футболи биздан юқорида эсланадиган жамоалар эмас. БАА жамоаси бизга таниш футбол ўйнайди. Улар биз учун рақиблик қила олмаслиги керак. Биз иккиланмасдан ярим финалга йўл олишимиз лозим. БАА йўлидаги бизнинг тўсиқ нима?
БАА йўлида учрашимиз мумкин бўлган тўсиқ бу-бизнинг ўзимиз! Яъни жамоамизнинг ҳужум чизиғидаги футболчилар имкониятлардан фойдаланишда нўноқликка учраса, мураббийимиз футболчилар алмаштиришда топқирлик қилмаса, биз БААни кейинг босқичга кузатиб қўйишимиз мумкин.
Рақибларнинг устунлиги қарши ҳужум ҳамда ҳужумдаги футболчиларнинг индивидуал маҳорати. Араб футболчилари устунликни рақибга бериб, ўзлари куч тежаб, тезкор қарши ҳужумга ўтадиган жамоалар сирасига киради. Бундай жамоаларда рақиб футболчиларнинг бир нечтасини чалғита оладиган, яримта имкониятдан фойдалана оладиган ягона ёки иккита ҳужумчи бўлади. Айнан шу футболчилар ўйин тақдирини ҳал қилиб кетиши мумкин. Бизда эса ҳимояда муаммолар бор.
Чорак финалда Олимпия жамоамиз таянч ярим ҳимояга кўпроқ эътибор бериши талаб этилади. Бундан ташқари жамоамизда икки ҳимоячининг ҳужумга ўтиш ҳолати кўп кузатилади. Бу ижобий натижа бериши учун таянч ярим ҳимояда ҳаракатланаётган ҳимоячи қанотни ёпишни уддалаши шарт. Қолган барча ҳолатда бу ҳолат жамоамиз зарарига ишлайди. Шундай экан эртага Друлович шогирдлари икки таянч ҳимоячи билан ҳаракатланиши ёки икки кишининг ўрнини ҳам боса оладиган ярим ҳимоячини майдонга тушириши керак.
Ғаниевнинг ҳаракатлари кўпинча бесамар кетишига сабаблардан бири ҳужумдаги ягона ҳужумчи билан ҳаракат қилаётганимиз. Шунинг учун дастлабги дақиқаларданоқ икки ҳужумчи билан ҳаракатланишимиз ма’қулроқдир балки. Сабаби кўп ҳолларда, рақиб жамоа мураббийлари доимо майдонга тушаётган ҳужумчи яхшилаб ўрганади, ҳамда уни қўриқлаш учун алоҳида ҳимоячи қўяди. Бунинг оқибатида биз бир ҳужумчи билан ҳаракатланаётганимиз сабабли, ҳужумда шарҳловчиларимиз айтганидек, “зарарсизланиб” қоламиз. Бундан вақтларда умуман майдонга тушмаган бошқа бир ҳужумчи билан тандем ҳосил қилинса, рақибларимиз учун “сюрприз” бўлади.
Чарчоқ
Друловичнинг яна бир жиҳати у футболчиларни бироз кеч алмаштирмоқда. Ҳавоси анчагина дим бўлгани сабабли, Яхшибоев ҳамда бошқа баъзи футболчиларимиз чарчоқ аломатларини сездириб қўймоқда.
Шунинг учун мураббий 60 дақиқа ўтгандан кейин ўйинга янги қон қўшиши шартдек.
Рақибларимиз нисбатан анчагина ўртамиёна жамоалар жамланган гуруҳдан ўрин олиб 9 очконинг 5 тасини тўплашга эришди. Ягона ғалаба Шимолий Корея устидан.
Шахсий фикр сифатида айтишим мумкинки, жамоамиз эртанги ўйинда катта устунликка эришиб, йирик ҳисобда ғалаба қозонишимиз мумкин. Бунинг учун ҳамма нарса етарли.
Йигитлар, чорак финални эмас ярим финалдаги рақибни мағлуб этишни ўйланг. Агар ярим финалдаги рақибимиз Таиланд бўлса, финал нақд деяверинг…. Саудия ҳам биздан кучли эмас.
Яхши ниятда ёздик, Кўнгилни кенг қилинг!
Футболчиларимизга ишонинг!
Фикрлар