
БААда яна бир катта мусобақа. Ўзбекистон ҳам катта таркиб билан қатнашади!
Жорий йилнинг 16-26 май кунлари шахмат бўйича "Sharjah Master 2025 International Chess Championship" турнири бўлиб ўтади.
Чемпионат FIDE қоидалари асосида ўтказилади. Турнир жамғармаси эса 73 минг АҚШ долларини ташкил этади. Мусобақа учун рўйхатдан ўтиш 2025-йилнинг 26 апрель санасига қадар этиб белгиланган эди.
Турнир турли даражадаги барча иштирокчилар учун очиқ ва унда иштирок этган ўйинчилар ўзларининг FIDE рейтингига қараб 3 тоифага бўлиниши кўзда тутилган.
Мусобақа қуйидаги 3 та тоифада ўтказилади:
Sharjah Master А: FIDE рейтинги 2500 ва ундан юқори бўлган ўйинчилар учун. Бу даражада энг кучли ва энг тажрибали шахматчилар ўзаро беллашишади.
Sharjah Master B: рейтинги 1900 ва ундан баланд бўлган иштирокчилар учун. Ўртача кучдаги спортчилар ушбу тоифада бир бирига қарши рақобатлашади.
Sharjah Master C: Ушбу тоифада FIDE баллари 1400-1899 оралиғида бўлган қатнашчилар иштирок этади.
Мусобақада ҳар бир ўйинчи ўз рейтингига мос гуруҳда иштирок этади, бу эса адолатли ва рақобатбардош ўйинларни таъминлайди. Турнир регламентига кўра, ҳар бир мамлакатдан энг кўпи 20 та иштирокчи ушбу мусобақада қатнашиши мумкин. Бироқ, Бирлашган Араб Амирликларида яшайдиган шахмат усталари учун истисно ҳолатда 20 тадан кўп қатнашчи иштирок этиш ҳуқуқи берилган.
Мусобақа 9 раунддан иборат швецарча тизимда ўтказилади. Вақт назорати ҳар учала тоифа учун бир хил бўлиб, ҳар бир иштирокчи учун 90 дақиқа вақт берилади. Шундан сўнг ҳар бир юриш учун 30 сония вақт қўшиб берилади. Ўйинларга 30 дақиқалик кечикиш вақти белгиланади. Яъни иштирокчилар ярим соат кеч қолган тақдирда ҳам баҳсга киришиб кетишлари мумкин бўлади. Мусобақа Шаржа Маданият ва Шахмат клубида бўлиб ўтади.
Турнирда иштирок этадиган ТОП шахматчилар:
Нодирбек Абдусатторов
Жаҳонгир Воҳидов
Муҳиддин Мадаминов
Ортиқ Ниғматов
Аниш Гири
Парҳам Магҳсоодлоо
Самуел Севиан
Амин Табатабай
Салем Салеҳ
Шант Саргисян
Бундан ташқари, Мамарасулова Ясмина, Абдулазизов Асилбек, Абдулазизов Асадбек, Абдурасулов Музаффаржон, Назиралиев Киличбек, Акрамов Ҳусанлар "С" гуруҳида, Даврон Шарипов, Умаров Беҳруз, Имомкузиева Нилуфархон, Ҳалилова Мадинабону, Акрамов Ҳасан, Умаров Муҳаммадризолар эса "В" гуруҳида қатнашади.
Асқарбек Ғофуров ёзди.
Comments