Баҳодир Жалоловнинг “олтини”га кимлар кўз тикмоқда?

Франция пойтахти Париж шаҳри мезбонлик қилаётган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинларининг бокс мусобақалари 27 июлдан 10 августга давом этади. Эркаклар ўртасидаги 7 та ва хотин-қизлар мусобақасида 6 та медаллар жамланмаси учун баҳс боради.

Яккакураш турларида энг кескин ва муросасиз, томошабоп тўуқнашувлар ўта оғир вазн тоифасида кузатилади.

Бу вазнда Олимпиада чемпионлигига асосий даъвогар сифатида айни пайтда жаҳоннинг энг кучли бокчиси ҳисобланган Баҳодир Жалолов эътироф этилмоқда.

Бу бежиз эмас, албатта. Баҳодир Парижга амалдаги жаҳон ва Олимпиада чемпиони сифатида йўл олади.

Қамшибек Кункабаев (Қозоғистон)

Экспертларнинг таҳлилига кўра, Баҳодир Жалоловнинг Париж рингларидаги асосий рақибларидан бири қозоғистонлик Қамшибек Кункабаев бўлади. Марказий Осиёнинг икки паҳлавони ўртасидаги рақобат 2015 йилдан бери давом этиб келмоқда.

Аввалига Қамшибек умумий ҳисобда 3:1 ҳисобида олдинда борган бўлса, Баҳодир кейинги пайтда рақибни кетма-кет олти маротаба мағлубиятга учратиб, ўзаро ҳисоб-китобда олдинга чиқиб олди – 7:3.

Абнер Тейшера (Бразилия)

Токио Олимпиадасида бронза медалини қўлга киритган бразилиялик чарм қўл устаси ўтган давр мобайнида етарлича тажриба тўплади. Навбатдаги Олимпиадада ўта оғир вазн тоифасида “катта боксчилар” билан рақобатлашишига тўғри келади.

Абнер вазнини ўзгартирганидан кейин Панамерика чемпионати ғолиби, Панамарика ўйинларида кумуш, Жанубий Америка ўйинларида олтин медаль соҳиби бўлди.

Айюб Гадфа (Испания)

Яқинда Белградда ўтказилган Европа чемпионатининг амалдаги чемпиони Айюб Гадфа ҳам ўз қитъасида бўладиган чемпионатда олтин медални олиб қолишга ҳаракат қилади.

Айюб Гадфа ўтган йили Тошкент мезбонлик қилган жаҳон чемпионатида бронза медални қўлга киритганди. Ўшанда келишиб чиқиши араб миллатига мансуб бўлган испаниялик боксчини финал остонасида фақатгина Баҳодир Жалолов тўхтатиб қола олган.

Нельви Тиафак (Германия)

Келиб чиқиши камерунлик бўлган оғир вазнли чарм қўлқоп устаси Германия номидан рингга чиқади. Тиафак Европа чемпионатларида мунтазам финалларда иштирок этиб келмоқда. У бир бор олтин ва икки марта кумуш медалга сазовор бўлган.

Нельви Тошкентдаги жаҳон чемпионатида рақибларини мағлуб этиб келаётган эди. Бироқ чорак финалда Баҳодир Жалолов тўсиғидан ўта олмади.

Муҳаммад Абдуллаев (Озарбайжон)

Париж Олимпиадасида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига даъвогарлик қиладиган яна бир боксчи Муҳаммад Абдуллаев ҳисобланади. Озарбайжонлик чарм қўл қоп устаси Белград ва Тошкентдаги жаҳон чемпионатларида бронза медалга эга чиққан.

Абдуллаев Токиодаги Олимпиадада ҳам ғолиблик учун курашганди. Бироқ чорак финалда Баҳодир Жалоловга тўқнаш келиб, мусобақани эрта тўхтатишга мажбур бўлган.

Кўриниб турибдики, Баҳодир Жалолов чемпионлик йўлидаги асосий рақибларининг деярли барчаси билан жанг қилган ва уларнинг имкониятларини яхши билади.

Мутахассислар Париж Олимпиадасидан кейин Жалолов бор эътиборини профессионал боксга қаратиб, бу йўналишда ҳам жаҳон чемпионлиги учун курашиши айтилмоқда. Ҳамюртимиз олти йилдан бери ҳам ҳаваскор, ҳам профессионаллар ўртасидаги жангларда иштирок этиб келмоқда.

“Катта ўзбек” тахаллуси билан танилган Баҳодир профрингда ҳозиргача 14 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида рақибларини муддатидан олдин таслим қилган.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Mahmud Ttww
25/06/2024 21:05
Катта ўзбекка катта зафар ёр бўлсин.