Барча йўллар Бухорога олиб боради! Сюрприз кўрсатадиган жамоа борга ўхшайди, кимгадир қулай, кимгадир ноқулай рақиблар
Ўзбекистон Coca-Cola Кубогида гуруҳ баҳслари якунланиб, 1\8 финал учун қуръа ташланди. Бу босқичдан энди мусобақа фаворитлари – “Пахтакор” билан “Насаф” ҳам курашга қўшилади.
Про лигадан “Машъал”, “Андижон”, “Турон” ва “Шўртан” клублари ҳам бош соврин учун курашни давом эттирадилар. Кубокдаги барча йўллар Бухорога олиб боради. Биласиз, ҳал қилувчи финал ўйини ўша ерда ўтказилади. Бу йил сюрприз кўрсатадиган жамоа топилармикин?
“Сўғдиёна” – “Машъал”
Суперлига етакчиларидан бири Кубокнинг 1\8 финалида про лига вакилига қарши ўйнайдиган бўлди. Ҳозирча Улуғбек Бақоев жамоасида Кубок мусобақасида рақиблар бўйича бироз омад кулиб боқяпти. Чунки жиззахликлар асосан про лига клублари билан ўйнаб келяпти. Гуруҳ баҳсларида ҳам асосан про лига вакилларига қарши майдонга тушганди ва мана кейинги босқичда ҳам бу ҳолат давом этадиган бўлди. Чемпионатда ҳали мағлубият нималигини билмай келаётган “Сўғдиёна” Кубокда ҳам ютқазгани йўқ. Шундай экан, “Машъал”ни жиддий имтиҳон кутади.
“Сурхон” – “Насаф”
Бизнингча, аксарият жамоалар “Насаф”га қарши тушишни хоҳлашмасди. Аммо кимдир уларга рўбаро келиши муқаррар эди ва бу “Сурхон” бўлиб чиқди. Термизликларга ҳурматни сақлаган ҳолда айтамизки, “Насаф” яққол фаворит. Одатда бу клуб Ўзбекистон Кубогида охиригача боради. Шу боис мусобақанинг ҳам асосий фаворитларидан бири. Шу боис “Насаф”га ким билан ўйнашнинг қизиғи йўқ.
АГМК – “Металлург”
Икки қўшни жамоалар Кубокда ҳам яна бир-бирига қарши. Аммо “Металлург” анча ўзгарган. Айниқса, испаниялик мураббий келгач, жамоанинг ўйинида унинг имзоси кўриняпти. Бу ҳақиқий дерби. Бир-бирининг кучи ва имкониятларини жуда яхши билишади. Очиғи, бу мураббийлар ўртасида тактик ўйинга айланади.
“Қизилқум” – “Қўқон-1912”
“Қизилқум” энг қийин гуруҳда иккинчи ўрин билан кейинги босқичга чиқди. “Қўқон-1912” эса про лига клублари орасида яққол фаворит эди ва шунга яраша 3 та ўйинда 3 та ғалаба қозонди. Аммо улар учун Кубок йўлидаги ҳақиқий синов энди бошланади. Негаки, клубнинг йўлида про лига эмас, балки Суперлиганинг жиддий клубларидан бири турибди. “Қизилқум”ни чемпионатда қандай натижа кўрсатаётганини яхши биласиз. Сир эмаски, Ўзбекистон Кубогида ҳам вазифаси жиддий. Лекин иккала жамоа ҳам қуръадан рози бўлса керак.
“Пахтакор” – “Шўртан”
Бу жуфтликни кўриб, кўпчилик “эх, бечора “Шўртан”, деяётган бўлса ажаб эмас. Ғузорликлар гуруҳда 3-ўринни эгаллаб бу борада энг яхши натижа қайд этган клублар қаторида 1\8 финалга чиқди. Бош мураббийи Асрор Алиқулов кўп йиллар мобайнида “Пахтакор”да муносиб ўйин кўрсатган. Энди мураббий сифатида собиқ клубига қарши туради. “Шўртан”ни йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқ. “Пахтакор” кучли ва фаворит. Ҳар жиҳатдан рақибга кучи етмаса-да, Алиқулов жамоаси майдонда эркин ҳолатда ўз ўйинини кўрсатишга уриниб кўради. “Пахтакор”нинг кўзи билан қарайдиган бўлсак, жуда осон рақиб тушди. Қолгани майдонда кўринади.
“Бунёдкор” – “Локомотив”
Жуфтликлар орасида диққатни кўпроқ ўзига тортаётган жамоалар десак бўлаверади. Икки Тошкент клуби – “Бунёдкор” билан “Локомотив”дерби мақомидаги учрашувда жиддий жангга киришишади. Яхши ўйин бўлади. Жамоалар ҳам бир-бирига жуда мос, кучлар ҳам тенг. Агар олдинги йиллардаги каби “Бунёдкор” ҳам, “Локомотив” ҳам асл кучига эга бўлганидами, сўзсиз финалдан олдинги финал мақомига тенг бўларди.
“Андижон” – “Турон”
Жуда яхши жуфтлик. Про лиганинг икки етакчи клублари энди Ўзбекистон Кубоги доирасида тўқнаш келиб қолдилар. “Андижон” ҳам, “Турон” ҳам хусусий клублар ва ўз олдига яна Суперлигага қайтишни мақсад қилишган. Бир-бирига мос ҳамда жуда қулай рақиблар десак бўлади. Шу сабабли иккала клубга ҳам қуръа омадли келди. Аммо ўйиннинг “Андижон” майдонида ўтишини ҳисобга олсак мезбонларда ташаббус пайдо бўлиши мумкин.
“Олимпик” – “Навбаҳор”
Яна бир қизиқарли жуфтлик. Тимур Кападзе ва Самвел Бабаян жамоаларининг тўқнашувини кўриш жуда ажойиб бўлади. Етакчиларга “бош оғриғи” бўлаётган “Олимпик” “Навбаҳор”га ҳам курашларга бой ўйинни таклиф қилиши аниқ. Тўғри, наманганликлар фаворит. Лекин буни натижада ўз аксини кўрсатишлари осон бўлмайди. “Олимпик” – “Навбаҳор” учрашуви энг қизиқарли беллашувлардан бирига айланиши шубҳасиз.
Фикрлар