Барқарорлик йўқ, раҳбарият охиригача сабр қиладими ёхуд "Локомотив" нима учун дурангга рози бўлмаётганини биласизми?

Мавсум бошида Тошкентнинг “Локомотив”ида қандай ўзгаришлар бўлганини биласиз. Таркибда келди-кетдилар кузатилди ва асосийси, янги бош мураббий тайинланди. Денис Коростиченко мустақил равишда бош мураббий ролида “Локомотив”да дебютини ўтказяпти.

Тан олиш керак, “Локо” бир неча йил олдинги қудратида эмас. Ўша пайтларда гегемонлик қилган ва бунинг натижасида қатор совринларни ютганди. Бироқ клуб ҳали ҳам ўша мақсадидан чекингани йўқ. Фақат жамоани янгидан қуришга киришди. Клуб ўзининг тарбияланувчиларига кўпроқ эътибор беришни бошлади. Шу боис бошқа жойдан мураббий қидириб юрмади-да, анчадан бери “Локомотив”да ишлаб келган Коростиченкога бош мураббийликни ишониб топширишди.

локо3

Тўғри, мураббийнинг дебют мавсумида қатор қийинчиликлар учраб турибди. Айниқса, бу натижаларда билиняпти. Бу билан “Локомотив”ни кучсизланди, дейиш фикридан йироқмиз. Жамоа ўйини чакки эмас, лекин ҳали барқарорликка эришганича йўқ. “Темирйўлчилар” “Пахтакор”дан сўнг 12 очко билан 7-ўринда боряпти. Қолаверса, барча – 11 та ўйинда тўлиқ қатнашишди. Шундан 4 тасида ғалаба қозонди ва 7 та учрашувда рақибларига ютқазиб қўйди. Чемпионатда энг кўп мағлуб бўлган клуб айни пайтгача иккита бўлса, улардан бири “Локомотив”.

локо6

Хўш, “Темирйўлчилар” кимларни ютди? Дастлабки ғалабасини 2-турда ўз майдонида АГМКга қарши беллашувда қўлга киритди. Ўшанда 2:1 ҳисобида рақибидан устун келди. Иккинчи ғалабасини 6-турга келиб нишонлади. 1 май куни “Сурхон”ни қабул қилган “Локо” жавобсиз иккита гол урди. Кейинги турдаёқ кетма-кет иккинчи ғалабасини тантана қилди. Бу гал сафарда “Нефтчи”ни мағлуб этиши учун битта гол кифоя қилди. 4-ғалабасини 9-турда қўлга киритди. Тимур Кападзе бошчилигидаги “Олимпик” дарвозасига жавобсиз учта гол уришнинг уддасидан чиқди. Энг қизиғи, “Локомотив” ҳисобида ҳали бирорта ҳам дуранг йўқ. Суперлига баҳсларида ҳали ҳеч ким билан муроса кўчасини танлагани йўқ ва бунга рози бўлмаяпти ҳам. Бу жамоа очиқ ўйин таклиф қиляпти. Ҳужумкорлик ва ранг-баранг ҳужумлар мухлисларга ёқяпти. Лекин доим бу натижа келтириши қийин. Фақат бунга вақт талаб қилинади. Раҳбарият Коростиченкога ўзини кўрсатиши учун етарли фурсат берган деб ўйлаймиз.

локо4

Шунингдек, мавсум аввалида таркиб клубнинг ички имкониятларидан келиб чиқиб кучайтирилди. Ўтган йилги айрим етакчилар сақлаб қолинди. Аммо яқинда ҳимоячи Шерзод Файзиев “Локо”ни тарк этиб, Малайзия клубига ўтиб кетди. Бу табиийки жамоа учун йўқотиш. Аммо клубни танлаган йўли бор. Бунда фақат сабр қилинади. Натижалар доим ҳам ўхшайвермайди. Бунга клубнинг ҳозирга қадар кўрсатган натижалари мисол бўла олади. Чунки ғалабадан кўра, мағлубияти кўпроқ. Бундай вазиятда раҳбарият охиригача сабр қиладими? Бу ҳам бир масала. Лекин юқорида таъкидлаганимиздек, бу борада Коростиченкога имконият тақдим этилаверади. Ўз навбатида, “Локомотив” ютган баҳсларда бош мураббий ғалабани худди Юрген Клоппга ўхшаб мухлислари билан бирга нишонлаши фонида уни “Денис Клопп” номи билан ҳам атай бошладик.

Биздаги маълумотларга кўра, жамоанинг яна айрим етакчиларига четдан таклифлар бор. Шу боис ёзги трансфер ойнаси очилган маҳалда таркибдаги йўқотишлар давом этиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Балки бунинг учун мураббийда қандайдир режа бордир. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!