"Барса" зўр ҳужумчи бўйича келишувга эришди
Каталониянинг машҳур клуби "Барселона" Лондоннинг "Арсенал" жамоаси ҳужумчиси Габриэл Жезусни ўз сафига қўшиб олиш борасида келишувга эришди. Бу ҳақда футбол бўйича ишончли манбалардан бири ҳисобланган инсайдер Фабрицио Романо ўзининг X ижтимоий тармоғида хабар берди. Унга кўра, томонлар ўртасидаги музокаралар якуний босқичга кирган.
Манба маълумотига кўра, инглиз клуби бразилиялик форвардни нисбатан кам миқдордаги товон эвазига қўйиб юборишга рози бўлган. "Канонирлар" 10 миллион евро миқдорида кафолатланган тўлов олади, шунингдек, футболчининг Испаниядаги ўйини ва натижаларига боғлиқ қўшимча бонуслар ҳам назарда тутилган. 29 ёшли ҳужумчининг "Барселона" учун тўлиқ тиббий кўриги душанба, 31 август кунига белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Габриэл Жезус 2022 йил ёзидан бери "Арсенал" шарафини ҳимоя қилиб келаётган эди. Лондон клубида ўтган давр мобайнида у барча мусобақалар доирасида 123 та расмий ўйинда майдонга тушиб, 32 та гол урди ва жамоадошларига 22 та голли пас йўллади.
Футболчининг амалдаги шартномаси келаси ёзгача, яъни 2027 йил июнига қадар мўлжалланган эди. Шу боис "Арсенал" раҳбарияти уни эркин агент сифатида бепул йўқотиб қўймаслик учун трансфер бўйича келишувга боришга мажбур бўлди. Немиснинг нуфузли Transfermarkt портали Жезуснинг жорий бозор қийматини 17 миллион евро атрофида деб баҳоламоқда.

Фикрлар