“Барса”га ўт, ҳозиргидан кўпроқ маош оласан

Испаниянинг амалдаги чемпиони “Барселона” Германия чемпионатида “Боруссия Дортмунд” шарафини ҳимоя қилаётган ўнг қанот ҳимоячиси Юлиан Рюэрсонни нишонга олди.

Каталонияликлар тажрибали футболчини жорий мавсум якунлангач, ёзги трансфер ойнаси даврида ўз сафига қўшиб олишни режалаштирмоқда.

 Бу ҳақда Bild нашри журналистлари хабар тарқатди.

Манба маълумотига кўра, 28 ёшли футболчи дортмундликлар сафида йилига 5 миллион евро миқдорида маош олмоқда. Агар у “Барса” сафига кўчиб ўтса, даромади бундан юқори бўлиши таъкидланяпти.

Немис клуби норвегиялик ўйинчини сотишни истамайди, аммо агар “Барселона” Рюэрсон бўйича жуда фойдали таклиф киритса, Дортмунд клуби трансферга кўниши мумкинлиги айтилмоқда.

Жорий мавсумда Рюэрсон барча мусобақаларда 29 та ўйинда иштирок этиб, 13 та голли узатмага муаллифлик қилган. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2028 йил ёзигача амал қилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!