"Барселона" 10 киши бўлиб қолган "Севилья"ни енга олмади
Ла Лига 4-туридан ўрин олган қолдирилган ўйинда "Севилья" ўз майдонида "Барселона"ни қабул қилди. Ушбу учрашувда 1:1 ҳисоби қайд этилди.
Дастлаб, 32 дақиқада Гомес Ракитичнинг бурчак тўпидан ерлатиб берган узатмасидан сўнг ҳисобни очди. Биринчи бўлим сўнггида Араухо ҳам айнан бурчак зарбасидан кейин бош билан зарба йўллаб, мувозанатни тиклади.
Шу тариқа, Каталония клуби ҳисобидаги очколар сони 28 тага етди ва улар ҳамон 7-ўринда бормоқда. 38 очкоси бор "Севилья" айни дамда иккинчи поғонани банд этган.
Қайд этиш лозим, баҳснинг 64-дақиқасида Андалусия клуби футболчиси Жюль Кунде қизил карточка олиб, майдонни тарк этди.
- 90+7'
Учрашув якунланди. Курашларга бой ва қизиқарли ўтган ўйинда жанговар 1:1 ҳисоби қайд этилди.
- 90+6'
Альбанинг жарима майдони ташқарисидан ерлатиб йўллаган зарбаси дарвозабоннинг қўлига бориб тушди. Бу ўйиндаги сўнгги имконият эди.
- 90+4'
"Барса" кетма-кет ҳужумлар уюштирмоқда.
- 90+1'
Ўйиннинг асосий вақтига 6 дақиқа қўшиб берилди.
- 90'
Окампос "Барса" жарима майдончаси ичида йиқилиб тушди. Бироқ пенальти эмас.
- 89'
"Барса" фойдасига бурчак тўпи. Тўп ёнида Дембеле.
- 85'
Френки Де Йонг ўрнига Люк Де Йонг майдонга тушди.
- 84'
Дембеленинг айлантириб берган зарбаси дарвоза устунига тегди.
- 81'
Абденинг мукаммал узатмасидан сўнг Гави бош билан зарба йўллади, аммо бироз ноаниқ.
- 80'
Де Йонг ҳужумда рақиб футболчисининг юзига зарба берди, бироқ ҳакам фол қайд этмади.
- 77'
Гави тўпга ташланаётган бир пайтда рақиб ҳимоячисига зарба бериб юборди ва сариқ карточка билан жазоланди.
- 77'
Абде икки ҳимоячини алдаб, жарима майдонига кириб борди ва Гавига тўпни узатди, аммо ҳимоячи ўз ўрнида.
- 74'
Абдега сариқ карточка кўрсатилди.
- 72'
"Барса" таркибида ўзгариш. Ютгла ўрнига Нико, Гарсия ўрнига эса Лангле майдонга тушди.
- 70'
Дембеленинг рақибларни бирин-кетин алдаб, жарима майдонига яқинлашди, аммо зарба бера олмади.
- 67'
Эрик Гарсия майдонда белини ушлаб ётибди. Унга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
- 64'
Жюль Кундега қизил карточка кўрсатилди. У Альбанинг юзига тўпни улоқтирди.
- 62'
Абде бир рақибни чалғитиб, дарвоза томон кучли зарба йўллади, бироқ ноаниқ.
- 61'
Гомес ва Араухо дуелида уругвайлик футболчи ғолиб бўлди. Тер Штеген эркин зарба билан тўпни ўйинга киритиб беради.
- 58'
Бурчак тўпи тепиш навбати "Барселона"га. Унинг узатмасидан сўнг дарвозабон қийинчилик билан тўпни эгаллаб олди.
- 56'
Андалусияликлар бурчак тўпи тепиш имкониятига эга бўлди.
- 54'
"Севилья" "Барса" жарима майдони атрофида тўпни эгаллаб турибди. Хави шогирдлари ҳимояланишига тўғри келяпти.
- 51'
Гомес тўпни жарима майдончаси ичида турган Дилейнига аниқ етказиб берди. Унинг зарбасига бироз аниқлик етишмади.
- 48'
"Барса" доимгидек тўп назоратини ўз қўлига олди.
- 46'
Ўйиннинг иккинчи бўлимига старт берилди.
- 45+1'
Биринчи бўлим якунига етди. Ҳозирча ҳисоб 1:1.
- 45'
ГОООООООЛ! Дембеленинг бурчак зарбасини ажойиб тарзда амалга ошириб берди, Араухо эса ҳаммадан баланд сакраган ҳолда, тўпни бош билан рақиб дарвозасига аниқ ва кучли йўлллади.
- 44'
Гавининг узатмамасидан сўнг ҳимоячилар тўпни қайтарди.
- 42'
Гомес ўтиб кетган Дембелега орқадан зарба берди. "Барса" фойдасига жарима зарбаси.
- 39'
Дембеленинг зарбаси ҳимоячиларга теккан ҳолда, майдонни тарк этди. "Барса" фойдасига бурчак тўпи.
- 36'
Дилейни қарши ҳужумга ўтаётган Гавини тўхтатиб қолди ва ҳакам томонидан сариқ карточка билан жазоланди.
- 32'
ГООООООЛ! "Севилья" бурчак зарбасидан сўнг ҳисобни очди. Ракитичнинг ерлатиб жарима майдонига берган узатмасидан сўнг Гомес тўпни дарвозанинг олис бурчакига жойлаб қўйди.
- 30'
"Севилья" футболчиси майдон марказида хатога йўл қўйди. Дембеле тўпни эгаллаб олиб, соло юриш билан жарима майдонига яқин келди. Унинг зарбасини эса дарвозабон қайтарди.
- 28'
"Севилья" осонлик билан "Барса" жарима майдонига яқин келди ва Рафа Мир 20 метрлар масофадан зарба йўллади, аммо бироз ноаниқ.
- 25'
Араухо қанотдан ёриб кираётган бир пайтда тўпни олдириб қўйди, бироқ прессинг эвазига тўп яна "Барса"га келиб тушди.
- 22'
"Севилья" қарши ҳужумдан сўнг гол уришга муваффақ бўлди, бироқ офсайд.
- 19'
"Севилья" жарима майдони ичида ҳавфли вазият вужудга келди. Ютгланинг зарба беришига эса ҳимоячилар йўл қўймади.
- 18'
Ютгланинг зарбасидан сўнг тўп ҳимоячиларга тегиб қолди. "Барса" фойдасига бурчак тўпи.
- 14'
Жорди Альбанинг ажойиб узатмасидан сўнг Де Йонг бош билан зарба йўллади, бироқ дарвозабон ўз ўрнида.
- 13'
Ютгланинг узоқ масофадан йўллаган зарбасига бироз аниқлик етишмади.
- 12'
Бускетс майдон марказида рақибга нисбаткан қўпол ўйнади ва сариқ карточка билан жазоланди.
- 9'
"Барса" рақиб жарима майдонида босим уюштирди. Бироқ "Севилья" қийинчиликсиз бу босимдан чиқиб кетди.
- 7'
Дембелега нисбатан "Севилья" футболчиси қўпол ўйнади. "Барса" фойдасига жарима зарбаси.
- 5'
"Барселона" майдон марказида тўпни эгаллаб турибди.
- 2'
Абде қанотдан ёриб кирди ва бурчак зарбаси ишлаб олди.
- 1'
Ўйинга старт берилди.
- 0'
Ла Лига 4-туридан ўрин олган қолдирилган ўйинда "Севилья" ўз майдонида "Барселона"ни қабул қилади. Мазкур ўйиндан матнли трансляцияни сайтимиз орқали кузатиб боринг.
Фикрлар