Беҳруз Каримовни олган “Лугано” ўзбекларга мурожаат қилди
Швейцариянинг “Лугано” клуби Instagram тармоғидаги обуначилари сони 60 минг нафарга етганини маълум қилди ва Ўзбекистондан бўлган мухлисларга миннатдорлик билдирди.
Клуб матбуот хизмати расмий Instagram саҳифасида Ўзбекистон байроғи туширилган ҳамда ўзбекистонлик мухлисларга қаратилган хабарни эълон қилди.
“Раҳмат, ўзбек мухлислари!
Ўзбекистондан бўлган янги мухлисларимизнинг ажойиб қўллаб-қувватлаши туфайли Instagram саҳифасидаги обуначиларимиз сони 60 минг нафарга етди.
Биз Беҳруз Каримовнинг жамоамиз либосидаги илк лаҳзаларини сизлар билан баҳам кўришни интизорлик билан кутмоқдамиз. Кейинги янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун бизни кузатиб боринг!
“Лугано” оиласига хуш келибсиз!”, - дейилади клуб постида.
10 август куни Швейцария чемпионатининг энг кучли клубларидан ҳисобланган “Лугано” Термизнинг “Сурхон” жамоасидан клубидан 19 ёшли Беҳруз Каримов трансферини эълон қилди.
Каримов Швейцария клуби билан 2031 йил 30 июнга қадар мўлжалланган беш йиллик шартнома имзолади. Трансфер суммаси 250 минг еврога баҳоланди, бундан ташқари бонуслар ҳам кўзда тутилган. “Сурхон” футболчининг кейинги трансферидан 10 фоиз улуш олади.
Беҳруз Каримов Ўзбекистон миллий жамоаси сафида 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этиб, Колумбия ва Португалияга қарши ўйинларда майдонга тушди.

Фикрлар