Бернарду Силва қайси жамоага бормаслигини айтди
“Манчестер Сити” сардори Бернарду Силва жорий мавсум якунланиши билан эркин агент мақомини олади ва ўзи тўққиз йил ўйнаган жамоа сафини тарк этади.
Айни пайтда бир неча клуб португалиялик футболчи билан ҳамкорлик ўрнатишга ва уни ўз таркибига қўшиб олишга ҳаракат қилмоқда.
Бернарду Силва таклифларни ўрганиб чиқяпти ва улардан бирига рад жавобини берди. 31 ёшли футболчи ўз юртидан бўлган чорловни қабул қилмади ва “Бенфика”га бормаслигини маълум қилди.
- “Бенфика”га мамнуният билан қайтардим, лекин ҳозир эмас. Ўша вақтга келиб, “Бенфика”га керак бўламанми-йўқми, бунисини билмайман, - деди Бернарду Силва.
“Манчестер Сити” сардорига асосий даъвогарлар сифатида “Барселона” ва “Ювентус” клублари тилга олинмоқда.
Футболчининг ўзи каталонияликлар сафига қўшилишни афзал кўрмоқда, аммо туринликлар ўз қарорида қатъийроқ туриб, амалий ҳаракатлар қиляпти.

Фикрлар