"Биз учун асосан плей-офф ўйини муҳим, "Қўқон-1912"нинг 80 фоиз футболчиларини биламан" - Жамшид Саидов

Навоийнинг “Қизилқум” клуби чемпионат тугашига бир тур қолганида 12-ўринни эгаллагани аниқ бўлиб улгурди ва энди 5 декабрь куни плей-офф учрашувида “Қўқон-1912”га қарши майдонга тушади.

Чемпионатнинг сўнгги турида эса Суперлигани тарк этиши аниқ бўлиб улгурган “Турон”ни қабул қилади. Бўлажак учрашувлар олдидан Sports.uz журналисти “Қизилқум” бош мураббийи Жамшид Саидов билан суҳбатлашди.

- “Қизилқум”ни олдинда Фарғонанинг иккита жамоасига қарши ўйинлар кутяпти. Аввалига чемпионат доирасида Навоийда “Турон”ни қабул қиласизлар. Кейин сафарда “Қўқон-1912”га қарши плей-офф ўйинида майдонга тушасизлар...

- Биз учун асосан плей-офф ўйини жуда муҳим ҳисобланади. “Қўқон-1912”га қарши бор кучимизни берамиз ва максимал даражада ҳаракат қиламиз. Футболчиларимиз вазиятни тушуниб туришибди. Халқ ҳам талаб қиляпти. Раҳбарлар ҳам қўллаб-қувватлаяпти. 5 декабрь куни бўладиган баҳс жуда муҳим.

- Унгача Суперлиганинг охирги турида “Турон” билан ўйнайсизлар. Асосий эътибор плей-оффга қаратилаётгани боис балки чемпионатнинг охирги туридаги учрашувга эътибор кучли эмасдир?

- Биласиз, иккинчи даврадаги ҳар бир учрашувга максимал даражада эътибор қаратиб келяпмиз. “Настрой” юқори даражада бўляпти. Ўйлайманки, “Турон” билан ҳам шунақа “настрой”. Йигитлар майдонга чиқиб охиригача ўйнашади. Футболчиларимиз ҳар бир ўйинга бор кучини беришяпти.

саидов10

- Ўзингиз айтганингиздек, энг муҳим учрашув – бу барибир “Қўқон-1912” билан беллашув. Шуни ҳисобга олганда, “Турон”га қарши ўйинда асосий таркиб аъзоларига дам бермоқчимисиз?

- Буни вақт кўрсатади. Олдимизда бир неча кун бор. Ҳаммасини ўйлаб чиқамиз. Бизга қайси бири қулайроқ бўлса шуни амалга оширамиз. Олдиндан эса нима бўлишини айта олмайман.

- Бош мураббий сифатида хаёлингизда биринчи навбатда ким турибди: “Турон”ми ёки “Қўқон-1912”ми?

- Қизиқ савол берасиз-да (кулади), биласиз-ку, албатта биз учун биринчи навбатда “Қўқон-1912”. “Турон” билан учрашув бизга ҳеч нима бермайди. Максимал даражада бор кучимиз плей-офф учрашувига қаратганмиз.

саидов11

- “Қўқон-1912” ҳақида нима дейсиз? Масалан, про лигада 3-ўринни олди, иккинчи плей-оффда “Машъал”ни пенальтилар сериясида ютди...

- Ҳар қандай жамоани ҳурмат қилиш керак. Уларни деярли 80 фоиз ўйинчиларини биламан. “Машъал”, “Бухоро”, “Андижон”, “Локомотив”да ўйнашган. Қаерда ишлаган бўлсам, ўша жойда ҳозирда қўқонликлар таркибида тўп сураётган футболчилар фаолият олиб боришган. Бирга ишлаганимиз учун уларни яхши биламан. Тажрибали йигитлар. 5 декабрь куни кўрамиз. Ким кучли бўлса ўша жамоа ютади.

- Ўйинни Қўқонда ўтишига муносабатингиз қандай?

- Албатта, қийинроқ. Плей-офф учрашуви нейтрал майдонда бўлади, деган гап ҳам чиққанди. Регламент бўйича ўйин про лига жамоаси майдонида ўтказилади. Лекин, ўйлайманки, бундай баҳсларни имкони қадар яхшироқ майдонларда ўтказиш керак. “Қўқон-1912”нинг майдонини сифати у қадар яхши эмас дейишади. ПФЛнинг қарори ва буни ҳурмат қиламиз.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Жабборов Ахмаджон
30/11/2023 07:06
Баҳона бизда доим тайёр. Олдин келиб кўр шу майдонда олий лига жамоалари ўйнаган.