"Бизни ёшимизда пулдан ҳам кўра, кўпроқ ўйин амалиёти керак, жамоам билан бутунлай хайрлашдим, 2 та клуб шартнома жўнатди" ёхуд Шерзод Темировга харидорлар бор

Иқтидорли ҳужумчимиз Шерзод Темиров Эроннинг “Пейкан” клубида тўп суриб келаётганди.

Ёдингизда бўлса, футболчи ўтган йили февралнинг охирларида “Пахтакор”дан “Персеполис” клубига йўл олган. Сўнгра август ойида “Пейкан” сафига кўчиб ўтди. Ҳозирда Темиров уйига қайтган ва эшитишимизча жамоасини тарк этган.

Барчасига ойдинлик киритиш мақсадида ўзи билан боғландик ва Шерзод Sports.uz учун интервью берди.

- Шерзод, ишларингиз яхшими? Эрондан қайтибсиз, у ердаги фаолиятингиз қандай кечди? Клубдан ҳам кетибсиз-а?

- Чемпионатни яхши кайфиятда, соғ-саломат ҳолатда ўтказиб олдик. Муҳими, барча ўйинларда иштирок этдим. Бизни ёшимизда пулдан ҳам кўра кўпроқ ўйин амалиёти керак. Мени пулга унчалик қизиқишим йўқ, кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишим ёқади ва шуни хоҳлайман. Эрон чемпионатига, “Персеполис”га шунинг учун борганман. “Пейкан” клубига ҳам шу мақсадда ўтганман. Чунки амалиёт бўлса, ҳаммаси бўлаверади. Эрон чемпионати тугади, трансфер ойнаси очиқ. Сизга олдин ҳам айтганман, жамоада ҳаммаси жойида. Клуб мени қолишимни истаб янги шартнома берди, аммо унга имзо чекмадим. Чунки бошқа режаларим борлиги сабабли клубда қолишни истамадим. “Пейкан”дагилар билан бутунлай хайрлашдим. Ҳаммага раҳмат айтиб, яхши кайфиятда, дўстона равишда кетдим. Қайтишимни хоҳлашганди, бироқ буни истамадим ва батамом хайрлашиб келдим. Биласизлар, Эрон чемпионати Осиёда энг яхши лигалардан биттаси. Буни ҳар бир футбол мухлиси билса керак. Эрон чемпионатида ўйнаш ҳам осон эмас. Буни ҳамма билиб, кўриб турибди. Жисмоний томондан жуда қаттиқ. Мана шундай чемпионатда тўп сурганимдан хурсандман. Асосийси, Осиёнинг энг зўр жамоасида фаолият олиб борганимдан мамнунман. Ҳаммасига сабр ва меҳнат керак, шунда барчасига эришса бўлади.

Темиров8

- Ҳозир “Шўртан” билан бирга шуғулланиб турибсизми?

- Йўқ, бу ёлғон. Агар тўғри бўлганида ўзим бу ҳақида айтган бўлардим. Агар қўшилсам “Насаф” клуби ҳам бор, иккаласи ҳам уйимнинг олдида. Ўзим алоҳида шуғулланяпман. Фақат стадион “Шўртан”ники. У ерда шуғулланаётганимни инстаграмдаги саҳифамда видео қўйгандим. “Шўртан”га қўшилиб, бирор марта шуғулланганим йўқ. Чунки келганимга бир ҳафта бўлди. Бироз дам олгач, якка тартибда машғулотни бошлаганман. Қолаверса, менга маслаҳат берадиган ўзимнинг мураббийим бор. Ўзи асли америкалик, Эронда яшайди. Ундан кўпроқ маслаҳат оламан. Уни берган дастури бўйича шуғулланяпман.

Темиров2

- Ўзбекистон чемпионатига қайтишингиз мумкинми? Олдингизда яна қандай таклифлар бор?

- Менга расмий равишда иккита жамоадан шартнома келган. Фақат номларини очиқ айта олмайман. Бошқа давлатлардан ҳам яхшигина таклифлар бор. Ўзбекистон чемпионатига келадиган бўлсак, ҳали номаълум. Мен ҳозир дамдаман, ўзингиз биласиз, футболчи оиласига камроқ вақт ажратади. Чунки мусофирчиликда, ўз оилангиздан узоқда тўп суриш осон эмас. Айни пайтда оила даврасида вақтимни кўпроқ ўтказяпман. Янги жамоам тўғрисида асосан агентим шуғулланяпти. Агентим билан бир тўхтамга келганимиздан сўнг қайси клубга ўтишим аниқ бўлади.

Темиров

- Айтинг-чи, “Пахтакор”даги Темиров ва Эронда ўйнаган Темиров ўртасида қанчалик фарқ бор?

- Эрон чемпионати қанақа кучлилигини ўзимизни мураббийларимиз ҳам, футболчиларимиз ҳам яхши билишади. Осиёда Эрон чемпионати кучлилар сафига киради. Агар кучли учталик бўлса, шулардан биттаси. “Пахтакор”ни ўзига хос услуби бор. Эрон клубларини эса ўз услублари бор. Иккаласини ўртасида фарқи бор. Эронда кўпроқ жисмоний томондан тайёр бўлишингиз керак. Ўзбекистон жамоаларида кўпинча техникага асосланган футбол талаб қилинади. Легионер даражасига етганимдан жуда хурсандман. Биласиз, легионер бўлиб тўп суриш осон иш эмас. Жамоадошларимга, мураббийларимга раҳмат айтиб қоламан. Бу даражага етишишим учун “Пахтакор” ҳам ёрдам берган. Лекин “Персеполис”ни Осиёнинг энг кучли клубларидан бири деб биламан, ўзим учун. Албатта, “Пахтакор” ҳам бундан қолишмайди. Ҳар жабҳада “Персеполис”га рақобат қила олади. Иккала клубга менга яқиндан ёрдам бериб, қўллаб-қувватлашгани учун раҳмат.

Темиров11

- Янги клубга ўтиш масалангиз қачон ҳал бўлиб қолиши мумкин?

- Боя айтганимдек, агентим янги клублар устида ишлаяпти. Эронни 4 та жамоасидан қизиқиш бор ва 2 таси аниқ шартнома берган. Музокаралар олиб бориляпти. Шартнома бандлари бизга ҳам, уларга ҳам маъқул келадиган бўлиши керак. Агентим шунинг устида ишлаяпти. Кейин Таиланднинг топ клубларидан яхшигина вариант бор. Жанубий Кореядан зўр вариант бўлганди, кета олмасдан қолдим. У ерда ҳозир трансфер ойнаси ёпиқ. Корея клуби билан келишгандик, бироқ Эрон чемпионати ҳали тугамагани сабабли бора олмадим. Яна баъзи таклифлар бор, агентим уларни ҳам ўрганиб чиқяпти. Худо хоҳласа, трансфер ойнаси ёпилгунича яхшироқ клубга ўтиб, қўлдан келганича ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Машғулотларда ўз формамни ушлаб турибман. Насиб бўлса, яқин кунларда янги жамоам номи аниқ бўлади. Агентим билан келишиб, бир тўхтамга келмоқчимиз. Мени қўллаб-қувватлаган барча футбол мухлисларига раҳмат.

Шуҳратбек Жўраев.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Tokhir
09/06/2023 19:45
Мени пулга унчалик қизиқишим йўқ, кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишим ёқади ва шуни хоҳлайман. Бу гапидан Таиланддан таклиф бор дейди, ўйин амалиёти керак бўлса, пул керак бўлмаса Шўртанда ўйнайвер. Таиланд ва Эронга ўтиши сабаби фақат фақат пул. Пул бўлмаса ўйнамайди бирорта футболчи.