Богдан Милич: "Мени бундай ўйинчига ўхшатишлари ёқимли"
“Андижон” – “Хоразм” (2:1) учрашувида дастлабки гол муаллифига айланган легионер ҳужумчи Богдан Милич ўша куни ўзидан яхши таассурот қолдирди. Киритган голи ҳам жуда чиройли чиқди ва анча-мунчаси бундай гол ура олмайди ҳам. Беллашувдан кейин Милич “Андижон” матбуот хизматига ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Богдан, “Хоразм”га қарши учрашув тўғрисида нималарни айта оласиз?
- Биз доим шундай ўйнашимиз керак, жамоамизда яхши ўйинчилар бор. Биз рақибдан кўра кўплаб вазиятлар яратдик. Яна бир нечта гол уришимиз керак эди. Майли, асосийси ғалаба қозондик.
- Ўйин шарҳловчилари сизни Оливье Жируга қиёсладилар. Бу сизга ёқдими?
- Агар Жируга ўхшатган бўлса хурсандман. Бундай ўйинчига ўхшатишлари ёқимли, менга ҳам ёқди. Асосийси, бизни мақсадимиз бор. Ҳар ўйинда ютишимиз керак. Лекин ким гол уришининг фарқи йўқ, ғалаба қозонсак бўлди.
- Урган голингиз жуда чиройли чиқди. Шундай гол уришни ўйлаганмидингиз ёки кутилмаганда бўлдими?
- Ҳа, бундай гол бўлишини ўйлагандим. Ёнимда ҳимоячи бор эди. Лекин қийин вазиятда бўлса-да, тўпни дарвозага кирита олдим. Чунки биринчи голни уриб олишимиз керак эди, шунга ҳаракат қилиб кўрдим ва урган голим ўхшади.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар