Бокс. Ўзбекистон чемпионатининг аёллар ўртасидаги финаллари якунланди
13:55. Шу тариқа аёллар ўртасидаги финал жанглари ўз якунига етди. Энди соат 16:00 да эркаклар ўртасидаги финал жанглари бошланади.
13:52, +81 кг вазн тоифасида Фарғона вилояти шарафини ҳимоя қилган Моҳира Абдуллаева навоилик Дилдора Жўраевага хеч қандай имконият қолдирмаган ҳолда, 1-раунднинг ўзида 3 маротаба нокдаун ҳолатига тушириб, муддатидан аввал ғалаба қозонди ва Ўзбекистон чемпионига айланди.
13:45, - 81 кг вазн тоифасининг финал жангида Хоразм вакиласи Олтиной Сотимбоева наманганлик Мумтозбегим Қосимовага қарши баҳс юритди ва ушбу қарама-қаршиликда Сотимбоева ишончли тарзда 5:0 ҳисобида ғалабага эришди. Шу тариқа у мамлкат чемпионига айланди.
13:28, -75 кг вазн тоифасида Жиззах вилояти шарафини ҳимоя қилаётган машҳур Зокировлар сулоласи вакиласи Азиза Зокирова хоразмлик Соҳиба Рўзметова билан жанг олиб борди ва 5:0 ҳисобида ғалабага эришди. Шу тариқа у Ўзбекистон чемпиони номига сазовор бўлди.
13:12, -70 кг вазн тоифасида Жиззах вилояти вакиласи Ҳадичабону Абдуллаева қашқадарёлик Мавлуда Мавлонова билан шиддатли жанг олиб борди ва якунда 4:0 ҳисобида Абдуллаева ғалаба қозонди ва Ўзбекистон чемпиони номига сазовор бўлди.
12:55, - 66 кг вазн тоифасида тажрибали Фарғона вилояти вакиласи Навбаҳор Ҳамидова жиззахлик Маржона Эшбоевани муддатидан аввал мағлуб этиб, яна бир бор Ўзбекистон чемпионига айланди.
12:49, - 63 кг вазн тоифасидаги финал жанги ҳам ўз якунига етди. ЖТСУ (Жисмони тарбия ва спорт универститети) вакиласи Моҳинабону Абдуллаева наманганлик Зоҳидахон Хожимирзаевани 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва Ўзбекистон чемпиони бўлди.
12:32, - 60 кг вазн тоифасида Тошкент шаҳри вакиласи Райхона Қодирова Қорақалпоғистонлик Рашида Тагировага қарши жанг қилди. Тагирова тажрибали рақибасига қарши жиддий қаршилик кўрсатди. Бироқ, Қодирова нисбатан аниқроқ ҳаракат қилди ва 4:1 ҳисобида ғалаба қозониб, яна бир бор Ўзбекистон чемпиони номига сазовор бўлди.
12:16, -57 кг вазн тоифасидаги финал жанги ҳам жуда муросасиз тарзда ўтди. Фарғона вакиласи Хуморабону Мамажонова самарқандлик жиддий рақибаси Ситора Турдибековага хақиқий бошоғриқ бўлди. Бироқ, тажрибали Турдибекова жангда 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Ўзбекистон чемпионига айланди.
11:59, - 54 кг вазн тоифасида Жиззах вилояти вакиласи Мухлиса Хушвақтова самарқандлик Шохсанам Сафаровани муддатидан аввал мағлуб этиб, олтин медаль соҳибасига айланди.
11:49, -52 кг вазн тоифасида жиззахлик Азизабону Маъмирова Қорақалпоғистон вакиласи Раъно Муратбоева билан баҳс юритди ва унда Маъмирова 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Ўзбекистон чемпиони номига сазовор бўлди!
11:34. -50 кг вазн тоифасида Тошкент вилояти вакиласи Феруза Казакова бухоролик рақибаси Сабина Бобоқулова устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва Ўзбекистон чемпионати ғолиби бўлди.
11:20, Қизлар ўртасидаги финал жангларининг биринчиси якунланди. Унда Фарзона Фозилова -48 кг вазн тоифасида Бухоро вилояти вакиласи андижонлик Саидахон Рахмоновани мағлубиятга учратиб, Ўзбекистон чемпионига айланди.
11:00. Айни дамда пойтахтимиздаги "Универсал" спорт мажмуасида бокс бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатининг финал жанглари бўлиб ўтмоқда. Биринчи бўлиб аёллар ўртасидаги финал жанглари бошланади.
Фикрлар