"Боруссия Д" етакчи футболчисининг кетишига розилик берди. Сабаби...
Дортмунднинг "Боруссия" клуби ҳужумкор ярим ҳимоячиси Юлиан Брандтга жорий мавсум охирида жамоани тарк этишига рухсат берилди. Бу ҳақда Германиянинг SportBild нашри Х ижтимоий тармоғида хабар берди.
Манбага кўра, ушбу трансферга клубнинг жорий мавсумдаги қониқарсиз натижалари сабаб бўлган. Қайд этиш керакки, дортмундликлар Германия кубоги 1/16 финалида “Вольфсбург” меҳмони бўлиб, қўшимча таймларда (0:1) мағлуб бўлди ва мусобақани тарк этди. Шу сабабли клуб жамоа футболчиларини сотиши мумкин.
“Боруссия” айни дамда Бундеслига турнир жадвалида 7-ўринда бормоқда. Саккизта ўйиндан сўнг жамоа 13 очко жамғарди. Чемпионлар лигаси умумий босқич жадвалида эса учта ўйиндан сўнг 6 очко билан 11-ўринда бормоқда.
Юлиан Брандт "Байер" тарбияланувчиси бўлиб, 2019 йилдан бери "Боруссия Д"да ўйнаб келмоқда. У жорий мавсум Дортмунд клуби сафида барча мусобақаларда 13 та ўйин ўтказиб, битта гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди. Трансфермаркт интернет порталига кўра, футболчининг тахминий нархи 40 миллион еврони ташкил қилади. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2026 йилнинг 30 июнига қадар имзоланган.
Фикрлар