Бош мураббий Англиянинг финалдаги мағлубияти сабабини айтди

Германия мезбонлик қилган Европа чемпионатининг финалида Англия терма жамоаси испанияликлар футболчиларга 1:2 ҳисобида мағлуб бўлиб, рақибга бош совринни топшириб қўйди.

Англияликлар бош мураббийи Гарет Саутгейт мағлубият сабабини тушунтириб берди.

- Биз охиригача курашдик. Лекин финал учрашувида тўпга эгалик қилишни етарли даражада уддалай олмадик. Биз яхши ҳимояландик, бироқ тўпни олиб қўйгандан кейин прессингдан чиқиш керак. Биз мана шу нарсани уддалай олмадик.

Бу рақибда тўпни назорат қилиш имкони кўпроқ бўлганидан ва бу бизни чарчатиб қўйганидан далолат беради.

Шунга қарамай, ҳисобни тенглаштиришни уддаладик. Баҳс охирида иккинчи маротаба орадаги фарқни йўққа чиқаришимиз мумкин эди.

Испания бу турнирдаги энг зўр жамоа бўлди.

Яна бир камчилик шундан иборатки, финал учрашувига тайёрланиш учун бизга бир кун кам берилди. Шундай бўлса-да, 80 дақиқа давомида тинимсиз курашдик. Якуний ва батафсил хулосаларга келиш учун бироз кўпроқ вақт талаб этилади, - деди Гарет Саутгейт.

Англия футбол тарихида Европа чемпионати финалида кетма-кет икки маротаба мағлубиятга учраган биринчи жамоа бўлди. Испания терма жамоаси эса, қитъа чемпионатида тўртинчи маротаба ғалаба қозониб, рекордчига айланди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!