"Бу биз учун катта сабоқ" - Равшан Ҳайдаров қайси футболчи ҳақида гапирди? Ёхуд Туркиядаги мусобақада асосий вазифа нима?
U-23 Осиё Кубогига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Туркияда ташкил этиладиган халқаро мусобақада иштирок этиши ҳақида сайтимиз орқали хабар бергандик.
Режага кўра, вакилларимиз 22 март куни Туркиянинг Анталия шаҳрига жўнаб кетади. 24-29 март кунлари бўлиб ўтадиган “Antalya Cup 2021” халқаро мусобақасида футболчиларимиз Словакия, Украина ҳамда Қозоғистон терма жамоаларига қарши майдонга тушади.
Сафар олдидан терма жамоамиз бош мураббийи Равшан Ҳайдаров sports.uz мухбирига ўз фикрларини билдирди. Аввало, мураббий таркиб масаласида тўхталди.
- ФИФА кунларига муносиб турнир ташкил қилиб беришгани учун ассосиациямиз раҳбарларига раҳмат. Ўйлайманки, ўтган вақт давомида қилаётган ишларимизга бу мусобақа анча-мунча жавоб беради. Ўйинчиларимизнинг савияси, салоҳияти бўйича ҳаммасини кўриб оламиз. Ўзим ҳам мана шундай халқаро ўйинларни кутгандим. Таркиб бўйича келсак, ярим йил ичида жамоани шакллантиришга ҳаракат қилдик. Футболчиларни танлаб, уларни жамоамизга мослаштириб бордик. Энди уларнинг халқаро майдонда қандай ўйнай олиши мен учун жуда қизиқ. Бу ёш тоифасидаги кўплаб ўйинчилар ҳали халқаро тажрибага эга эмаслар. Шу боис уларни “пишитиш” жараёнида мана шундай халқаро мусобақаларда иштирок этишимиз жуда муҳим. Хусниддин Алиқулов, Акмал Мозговой каби футболчилар миллий терма жамоамиз сафида тайёргарлик кўришаётганди. Бу сафар улар ҳам бизнинг жамоа билан бирга бўлади. Айниқса, Ҳусниддин Алиқуловнинг тажрибаси бор. Осиё чемпионатларида тўп сурган ва терма жамоамизда етакчилик хусусиятларини кўрсата олади. Йўқотишларимиз ҳам бор, бу легионерларимиз билан боғлиқ. Масалан, кўргимиз келаётган легионерлардан Шаҳбоз Умаров, Ислом Кенжабоев каби йигитларимиз ҳам бор эди. Бундан ташқари, Абубакр Мўйдинов ҳам. Лекин уларни чақириш учун ташкилий томондан муаммолар бўлади. Ҳар бир давлатнинг ўз қоидаси бор ва мамлакатдан чиқиб қайтгандан кейин карантин қоидалари қўлланилиши мумкин. Шунга қарамай, ҳозирги кунда энг оптимал таркибни йиғдим, деб ўйлайман. Энди футболчиларимизни халқаро майдонда ўзларини қанчалик кўрсатишлари, савия жиҳатдан қандайлиги, европалик тенгқурларига қарши курашишларини билиб оламиз.
Туркиядаги турнир терма жамоамизга ҳар томонлама фойдали эканлиги шубҳасиз. Қизиқ, Равшан Ҳайдаровинг олдига раҳбарият томонидан қандай вазифа қўйилди? Натижа муҳимми ёки ўйин сифатини яхшилашми? Бунга мураббийнинг жавобини эшитинг.
- Албатта, биринчи навбатда жамоани шакллантириш вазифаси қўйилган. Бу жамоамиз учун дастлабки хориж йиғини ҳисобланади. Аксарият футболчилар биринчи марта халқаро турнирда қатнашишади. Кўпчилиги терма жамоа миқёсидаги турнирларда ўйнамаган. Бу йигитларимизга катта мактаб бўлади. Ўз навбатида мусобақа давомида натижа учун ҳам курашамиз. Ҳеч қачон буни иккинчи “план”га туширмаганмиз. Европа жамоаларига қарши ўзимизни қанчалик кўрсата олишимизни кўриб оламиз.
Юртимизда келажаги порлоқ йигитларимиз жуда кўп. Охирги пайтларда “Насаф” тарбияланувчиларидан бири Ойбек Бозоров ҳақида ҳам кўп гапириляпти. Бу футболчи Равшан Ҳайдаров билан ҳам бирга ишлаган. Шунинг учун мураббий унинг имкониятларидан хабардор. Кўпчилик Ойбекни легионерга айланишини тахмин қилмоқда. Бу масалада Равшан Акмаловичнинг фикри билан қизиқдик.
- Ойбек Бозоров ҳозир ўсиш жараёнида. Унинг кучли жиҳатлари кўп. Ўйинини шундай барқарорликка олиб чиқиши керакки, Ойбек ҳар қандай ҳолатда, исталган жамоа ва мураббийнинг олдида ўзини кўрсата оладиган даражага етиши керак. Четга бориб ўз савиясини кўрсатадиганлари қанча? Аммо хорижга кетиб ҳеч нимани кўрсата олмай қайтиб келганлари ҳам бор. Бозоровни келажаги порлоқ. Чемпионатимизда барқарор ўйнашни бошласа, унда талабгорлар кўпаяверади. Ўйини бўйича мустаҳкам туриб олса, хорижда ҳам “йўқолиб” қолмайди. Умуман олганда, бу футболчи тайёр. Фақат мураббийнинг ишончи бўлган ва ўзига ҳар томонлама қулай жамоани топа олиши керак.
Мураббийнинг сўзларида жон бор. Масалан, Жасур Жалолиддинов воқеасини энди барча билади. Ўтган йили Москванинг “Локомотив” клуби билан шартнома имзолади, аммо ўйин амалиётига эга бўлмай, битим бекор қилинди. Бу йил эса у “Андижон”га ўтди. Равшан Ҳайдаров ушбу футболчининг танлови бўйича ҳам гапирди.
- Битта мисол шу – Жасур. Сал бўлмаса, ўйин томондан “синиб” қолиш даражасигача келиб қолганди. Борган жойи, жамоа, мураббийлар, муҳит, ҳаммаси унинг учун бегона эди. Ёш футболчи учун киришиб кетиши қийин. Бу биз учун сабоқ. Катта клубга боришдан олдин ҳаммасини меъёрига етказиш лозим. Руҳий тайёргарлигига ҳам кўп нарса боғлиқ. Одил Аҳмедов илк бор Россияга кетганида “Пахтакор”дан Илҳом Шарипов ҳам у билан бирга йўл олган ва доим Одилнинг ёнида бирга юриб, унга ҳаёт тарзига киришиб кетиши учун ёрдам берган. Бу Аҳмедовга анча фойдали бўлган. Ёш ўйинчини бир ўзига бошқа мамлакатда осон эмас. Балки кимдир уни ҳимоя қилмагандир. Жасурнинг танловига келсак, у ўйин амалиётига эга бўлиш ва мураббийларнинг ишончи туфайли ўзига маъқул йўлни танлади, бу борада гап бўлиши мумкин эмас. Ўзимизнинг тарафамиздан Жалолиддиновни терма жамоага чақириб, руҳан кўтаришга ҳаракат қиляпмиз. Ўтган йиғинда ҳам таклиф қилганмиз, энди Туркияга олиб кетяпмиз. Аста-секин уни олдинги савиясига қайтарамиз. Ўзимизнинг футболчимиз ва руҳан тетиклаштириш учун ёрдам берамиз.
Шунингдек, келаси йили U-23 Осиё Кубоги Ўзбекистонда ўтказилади. Бунинг фойдали томонлари жуда кўп. Бош мураббий бу хусусида ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Анчадан бери ўзимизда катта мусобақани ўтказмагандик. U-23 Осиё чемпионати нуфуз бўйича иккинчи ўринда туради. Энди бу U-23 Осиё Кубоги деб аталадиган бўлди. Унинг жуда муҳим турнир эканлигини барча тушуниб боряпти. Ҳамма ёшдаги футболчиларнинг халқаро майдонлардаги ўз чемпионатлари бекорга ўйлаб топилмаган. Барчаси бир-бирига боғлиқ бўлгани боис уларнинг ўсиш жараёни ҳам ўзаро уланиб кетади. Масалан, 19-20 ёшгача футболчи ўсиб боради. Кейин улар учун қандай мусобақа бўлади? 20 дан кейин қилган меҳнатларининг мағзини чақадиган турнир эса айнан U-23 мусобақасидир. Бу ёшдаги ўйинчиларнинг бир нечтаси миллий терма жамоа эшигини таққиллатиб турибди. Иқтидорларни йўқотмасдан, мана шундай халқаро ўйинлар орқали ушлаб туриш муҳим. Бу ОФКнинг иш тамойилларидан бири. Европада U-21 дан кейин тўхтайди. U-23 чемпионати фақат клублар миқёсида бўлади. Шунингдек, U-21 дан кейин Олимпиада мусобақасига боришади. Осиёда U-23 мусобақасининг бир нечтаси ўтказилди. Ушбу турнирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши биз учун имтиҳон. Чунки 2025 йилда юртимизда ёшлар ўртасида Осиё ўйинлари ташкил этилади. Бунгача U-19 мезбонлигини ҳам олгандик. Афсуски, пандемия туфайли амалга ошмай қолди. Мана, энди U-23 мусобақаси ҳам юртимизга ишониб топширилди. Бу орқали ўзимиздаги инфратузилмалар, майдонлар сифати, ташкилий ишларни яна бир бор текшириб оламиз. Умуман айтганда, бу мусобақа биз учун ҳар томонлама фойдали бўлади. Уйда ўйнаш янада катта масъулият юклайди.
Фикрлар