"Бу ерда кўпроқ қолмоқчиман, пули кўп клуб" - яна бир ҳамюртимиз легионерга айланди
Бунгача “Қўқон-1912”да фаолият кўрсатиб келаётган ярим ҳимоячи Муҳаммад Исаев яқинда у ердан кетганди. Футболчи энди легионер сифатида четда тўп сурадиган бўлди.
Гап шундаки, Исаевга агентлар Индонезиядан вариант борлигини айтиб қолдилар ва бу футболчини қизиқтириб қўйди. Шу боис Исаев ўз омадини четда синаб кўришга қарор қилди.
У Индонезия биринчи дивизион қатнашчиси – “Малут Юнайтед” билан келишувга эришди. Ҳаммаси ҳал бўлганидан кейин Муҳаммад Исаев Sports.uz сайтига у ерга кетиш тафсилотлари тўғрисида гапирди.
Индонезияга қандай бориб қолди?
- “Қўқон-1912”да ўйнаб юрганимда вариантлар бор эди. Яна янги вариантлар чиқиб қолди. Индонезиядан тушган таклиф яхшироқ эди. Яқинда 30 га кираман, энди бошқа нарсани ўйлайдиган ҳолатда эмасмиз. Насиб қилса, бу ерда кўпроқ ўйнаб, кейин қайтмоқчиман. Индонезияда Жавлон ака Гусейнов ўйнаяпти, зерикиб қолди шекилли шунинг учун келдим (кулади). Хуллас, ризқимиз шу ерда экан. Рости, биз топ даражадаги футболчилар эмасмиз. Ундайлар бошқа кучли чемпионатларда тўп суришяпти. Бизга насиб қилгани шу ерлар экан. Майли, бу ҳам кимгадир насиб қилди, кимгадир йўқ. Худога шукр, нолиш йўқ. Анча яхши шароитлар яратиб беришган. Мақсади бор жамоа. Индонезияда Суперлигаси Лига 1, про лигаси Лига 2 дейилади. Чемпионати ёмон эмас экан. Одамлари футболни роса яхши кўришади. Энг асосийси, шароит яхши, пуллари бор. Биз бундан бошқасини ўйлайдиган ёшда эмасмиз. Оилани ўйлаш керак, бола-чақага шароит яратишимиз муҳим.
Гусейнов билан маслаҳатлашганмиди?
- Бўлмасам-чи! Албатта, Жавлон ака Гусейнов билан маслаҳатлашдим, кейин шартномага қўл қўйдим. Бизнинг клубда Гусейновни таниш дўстлари ўйнар экан. Уларга айтиб қўйган, янги жамоага кўникишимда менга ёрдам бериб туришибди. Яхши йигитлар экан. Мени зўр қабул қилишди. Мен ўйнайдиган “Малут Юнайтед” - бу оролнинг жамоаси, янги очилган. Ўз олдига Лига 1 га чиқиш вазифасини қўйган. Пули кўп клуб. Ўзи учун алоҳида стадион қуряпти. Жамоамиздаги кўп ўйинчилар Лига 1 да тўп сурган футболчилар.
Индонезияда яна ҳамюртларимиз борми?
- Индонезяида ўзбекистонликлар олдин кам эди. Бунгача асосан Гусейнов фаолият олиб бораётганди. Ҳозирда Азамат Абдуллаев билан Аҳрор Умархонов ҳам келишган. Улардан кейин мен келдим. Яна бир-иккита футболчи келиб қолиши керак. Ҳали Ўзбекистонда Индонезия чемпионати ҳақида тўлиқ билишмайди. Бу ернинг аҳолиси анчагина ва футболнинг ҳам мухлислари шунга яраша кўп.
Маҳаллий шароити
- Индонезияда ороллар бисёр экан, бунчалик деб ўйламагандим. Фақат маҳаллий таомларига ҳали унчалик мослаша олмадим. Чунки улар асосан аччиқ таомлар истеъмол қилишаркан. Шунинг учун ҳозирча фаст-фуд таомлардан еб юрибмиз.
Шартнома қанча муддатга тузилди?
- Шартномам ҳозирча бир йилга мўлжалланган. Бу ердаги агент билан эса икки йилга шартнома тузганман. Худо хоҳласа, биринчи даврадан кейин ёки мавсумдан сўнг Лига 1 чемпионатига ўтиб олиш ниятим йўқ эмас.
Ўзбекистондан таклифлар йўқмиди?
- Ўзимиздан асосан про лига клубларидан чорловлар бўлди. Ҳар бир мураббийни тактикаси ва стратегияси бор. Лекин Индонезия варианти менга анча маъқул тушди. Пули ҳам вақтида тўланади. Менга ҳаммаси ишонч билдиришяпти. Шунинг учун ризқимни ва бахтимни шу ердан қидириб келдим. Бу ердаги мукофот пуллари биздагичалик эмас. Лекин ойлик маошлари яхши.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар